Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Спортни сев спорт билан яша” фестивали Наманганда юқори савияда ўтказилмоқда
2021-01-31 | Спорт
Вилоятнинг барча туман ва шаҳарлари ҳамда маҳаллалари ўртасида спорт мусобақалари ва оммавий тадбирлар ўтказиб келинмоқда.
Наманган вилоятида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Вилоятнинг барча туман ва шаҳарлари ҳамда маҳаллалари ўртасида спорт мусобақалари ва оммавий тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Жумладан, Сув спортига ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби томонидан спорт мактаби ходимларининг оилалари ўртасида “Қувноқ стартлар” мусобақаси ўтказилди.
Шунингдек, Тўрақўрған туманида аҳолини соғлигини мустаҳкамлаш ва спортни кенг тарғиб қилиш мақсадида туман тиббиёт бирлашмаси, туман жисмоний тарбия ва спорт бўлими, туман маънавият бўлими ва туман маданият бўлими ҳамкорлигида "Саломатлик учун 5000 қадам" шиори остида юриш марафони ҳамда эрталабки бадантарбия тадбирлари туман марказидаги “Ёшлик” ўйингоҳида ўтказилди.
Бундан ташқари, Чуст туманида “Спортни сев спорт билан яша” фестивали финал босқичи бўлиб ўтди. Республикамиз бўйлаб ўтказилаётган фестивал доирасида Чуст туман болалар-ўсмирлар спорт мактаби спорт залида спортнинг стол тенниси буйича мусобақа ҳам бўлиб ўтди.
Мусобақанинг финал босқичи очилиш маросимида Чуст туман хокими Б.Хамдамов ҳамда Наманган вилояти жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи А.Туйчиевлар иштирок этишди. Спорт мусобақасида Наманган вилоятининг барча туманлари жамоаларидан 200 нафардан ортиқ уюшмаган ёш ўғил ва қизлар иштирок этишди. Якунда ғолиб ва совриндорларга вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бўлим бошлиғи Д.Шамсиддинов ҳамда Чуст туман болалар-ўсмирлар спорт мактаби директори И.Мирзахалов томонидан диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирландилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги