Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Фарғона вилояти Риштон туманида кулолчилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган марказ очилди

2021-01-30 | Иқтисодиёт

Қадимги Ипак йўли йўналиши бўйлаб жойлашган Риштон тумани ўзининг кулолчилиги билан доимо машҳур бўлиб, Марказий Осиёда уни ишлаб чиқариш маркази бўлган. Миллий кулолчилик анъаналари авлоддан-авлодга ўтиб, жадал ривожланишда давом этмоқда. 

Бугунги кунда Риштонда 20 дан ортиқ катта ҳунармандлар шунингдек, уларнинг 7 мингга яқин ўқувчиси яшаб, меҳнат қилмоқда, ҳар бири 30 дан 50 оилани иш билан таъминлайди – маҳаллий аҳоли уй-рўзғор буюмларидан тортиб бадиий кулолчилик маҳсулотларигача бўлган тайёр маҳсулотларни уйда бўяш билан шуғулланади. Шундай қилиб, риштонлик кулолларнинг ўзига хос анъана ва кўникмаларига асосланган ҳолда аҳолининг кенг қатламлари йирик капитал қўйилмаларисиз иш ўринлари ва барқарор даромад билан таъминланмоқда.

Ўтган баҳорда вилоятлар ва тармоқлар экспорт салоҳиятини ривожлантириш Республика комиссиясининг Фарғона вилоятига амалга оширган ташрифи чоғида, маҳаллий оқсоқоллар ва ҳунармандлар кулолчилик ишлаб чиқариш анъаналарини сақлаб қолиш учун ҳунармандчилик маркази яратиш юзасидан мурожаат билан чиқдилар. Мурожаатда таъкидланишича, Марказ фаолиятини йўлга қўйиш яқин атрофдаги маҳаллалар аҳолисини ишлаб чиқариш, кадрларни тайёрлаш ва иш билан таъминлашни илмий ва тизимли асосда ташкил этиш ҳамда Риштон усталарининг маҳсулотларини чет эл бозорларига экспорт қилиш имконини беради.

Мурожаатга тезкор чоралар кўрилди ва тез орада Республикада кулолчилик ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун кенг кўламли инвестиция дастури ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилди. Дастурнинг асосий мувофиқлаштирувчи вазифаси доирасида Риштон туманида кулолчилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган марказ қурилиши бошланди.

Жорий йилнинг 29 январь куни Марказнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Умурзаков, Фарғона вилояти ҳокими Х.Бозоров, Риштон кулолчилик мактабининг моҳир ҳунармандлари, Риштон туманининг барча 69 маҳалласи раислари, шунингдек, маҳаллий оқсоқоллар ва аҳоли иштирок этди.

Таркибига музей, кўргазма галереялари ва банк филиали кирган Марказ 1,1 гектар майдонда жойлашган ва 20 та алоҳида мажмуани ўз ичига олади. Уларнинг биринчи қаватида устахоналар ва кўргазмалар, иккинчи қаватида эса яшаш учун хоналар ва иш кабинетлари мавжуд. Бу мажмуаларнинг ҳар бири кўп асрлар давомида авлоддан-авлодга ўтиб келаётган алоҳида услубиётлар асосида кулолчилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва шогирдларни тайёрлашни ташкил этиш учун тажрибали усталарга топширилди.

Марказ тўлиқ қувват билан ишлаши учун 230 та янги иш ўрни яратилади ва 1200 га яқин уй хўжаликлари иш билан таъминланади. Хусусан, улар ишлаб чиқаришга жалб қилинади ва технологик жараёнининг айрим амалиётларини уйда бажаради.

Ушбу Марказнинг ўзига хос афзаллиги кластер ёндашуви ҳисобланади. Яъни, яқин келажакда дунёда тенги бўлмаган кулолчилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмини сезиларли даражада оширишга имкон берувчи катта қувватга эга саноат базаси ва айни пайтда, ёш мутахассисларга "устоз-шогирд" тамойили бўйича кўникмаларни ўргатиш учун платформа яратилди. У риштонлик усталарнинг анъаналарини янада ривожлантиришда янги босқични ва бундан ташқари-вилоятнинг туристик салоҳиятини ривожлантириш учун истиқболли йўналишни бошлаб бера олади. Бундан ташқари, Марказ фаолияти доирасида ташкил этилган савдо каналлари орқали, жумладан, ягона логистика марказини ташкил этиш ва халқаро савдо майдонларида маҳсулотларни жойлаштириш орқали тайёр маҳсулотларни барқарор экспорт қилиш тизимини жорий этиш режалаштирилган.

Марказга амалга оширилган ташриф чоғида маросим иштирокчилари унинг фаолиятини ташкил этиш бўйича кўрилган чора-тадбирлар ва миллий амалий санъат намуналари билан танишиш имконига эга бўлди. Мутасадди раҳбарларга Марказнинг ишлаб чиқариш қувватларидан тўлиқ фойдаланишни таъминлаш, шунингдек, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни ички ва ташқи бозорга узлуксиз етказиб бериш тизимини йўлга қўйиш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди.

Шунингдек, очиқ мулоқот шаклида ўтказилган тадбирда маросим иштирокчилари Риштон тумани маҳалла раислари билан суҳбатлашиб, “маҳалла раиси – ислоҳотчи” янги ташаббусни амалга ошириш доирасида ҳамкорликни янада кучайтиришнинг амалий жиҳатларини, аҳоли бандлигини таъминлаш, коммунал ва ижтимоий инфратузилманинг бугунги ҳолати билан боғлиқ долзарб масалаларни муҳокама этиб, уларни ҳал қилиш бўйича устувор ҳаракатларни белгилаб олдилар.

Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

Поделиться