Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон-Озарбайжон бизнес-форуми бўлиб ўтди
2021-01-29 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 27 январь куни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, унинг ҳузуридаги Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги ҳамда Озарбайжон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Озарбайжон Экспорт ва инвестицияларни рағбатлантириш жамғармаси (АЗПРОМО) билан ҳамкорликда видеоконференция шаклида Ўзбекистон-Озарбайжон бизнес-форуми ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон томонидан - инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Л.Кудратов, хорижий инвестицияларни жалб қилиш Агентлиги ва Экспортни рағбатлантириш агентлиги раҳбарияти, Озарбайжон томонидан – Иқтисодиёт вазирининг ўринбосари Ровшан Наджаф, АЗПРОМО раҳбарияти ва мутахассислари иштирок этди. Тадбирда икки мамлакат дипломатик миссиялари раҳбарлари ҳам қатнашди.
Бизнес-форумда жами 100 дан ортиқ Озарбайжон ва Ўзбекистоннинг тўқимачилик, озиқ-овқат, автомобилсозлик саноати, қишлоқ хўжалиги, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва иқтисодиётнинг бошқа соҳаларини ифодаловчи йирик компаниялари вакиллари иштирок этди.
Тадбирни Озарбайжон томони раҳбари очиб, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама муносабатлар ривожланишининг юқори даражасини ҳамда уларни изчил мустаҳкамлаш чора-тадбирларига икки мамлакат ҳукуматлари томонидан алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. COVID–2019 пандемияси муносабати билан жорий этилган бир қатор чекловларга қарамай, 2020 йилда мамлакатлар ўртасидаги савдо айланмаси 12 фоизга ошгани маълум қилинди. Шу билан бирга, Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг мавжуд салоҳияти кўп жиҳатдан ишга солинмагани ва бу ҳолат мазкур йўналишдаги икки томонлама ҳамкорликни фаоллаштириш учун шарт-шароитлар яратаётгани таъкидланди.
Шуни таъкидлаш жоизки, тизимли ҳамкорлик қилиш натижасида ҳозирги вақтда “Озарбайжон Республикаси ҳукумати ва Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ўртасида саноат ҳамкорлиги тўғрисидаги Битим”ни келишиш ишлари якунланди. Унинг асосий мақсади металлургия, кимё ва нефть-газ саноати, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, заргарлик саноати ва ўзаро манфаатли иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари бўйича икки мамлакат тадбиркорлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашдан иборат. Шу билан бирга, “Озарбайжон Республикаси Ҳукумати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ўртасида минтақалараро ҳамкорлик тўғрисидаги битим” устида бугунги кунда биргаликда иш олиб борилмоқда.
Ўз навбатида, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги раҳбарияти томонидан Ўзбекистоннинг хорижий инвесторлар учун очиқлиги ва жозибадорлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, ошкора ишбилармонлик муҳитини яратиш, коррупцияга қарши курашиш, инвестиция муҳитини яхшилаш ва давлатнинг иқтисодиётдаги ролини босқичма-босқич камайтириш борасида кўрилаётган чора-тадбирларни қайд этилди.
Тадбир давомида, хусусан, эришилган натижалар ҳам қайд этилди: ҳозирги кунда Ўзбекистон ва Озарбайжон компаниялари қатор қўшма лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширмоқда. Инвестиция ҳамкорлигини янада кенгайтириш мақсадида қўшма инвестиция фондини ташкил этишнинг шарт-шароитлари кўриб чиқилди. Унинг мақсади устувор инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш ва икки мамлакат ишлаб чиқарувчилари ўртасида саноат кооперациясини ривожлантиришни рағбатлантиришдан иборат бўлади.
Форумнинг расмий қисми кун тартиби доирасида жорий йилга мўлжалланган қўшма тадбирларни ташкил этиш билан боғлиқ масалалар, жумладан, Ўзбекистон Республикаси ва Озарбайжон Республикаси ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 11-йиғилиши ҳамда Боку шаҳрида бўлиб ўтадиган “Made in Uzbekistan” миллий маҳсулотлар Халқаро кўргазмаси атрофлича кўриб чиқилди.
Бундан ташқари, бизнес-форум дастури доирасида ишбилармонлик ҳамкорлигини ривожлантиришни муҳокама қилиш учун “B2B” шаклидаги панел сессиялари ўтказилди. Музокараларда “Azersun Holding”, “Lu-Mun Holding”, “Cahan Holding”, “Neqsol Holding”, “Evrascon”, “Azermash” каби Озарбайжон компаниялари, “Uzkabel”, “Artel”, “Silk Road International”, “Agroexport Gold Fruits” каби Ўзбекистон компаниялари, шунингдек, икки мамлакат бизнес ҳамжамиятларининг бошқа вакиллари иштирок этди.
Ушбу форматдаги тадбирлар икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида узоқ муддатли ва истиқболли алоқаларни ўрнатиш учун самарали платформа ҳисобланади. Шу сабабли тадбир якунларига кўра, тегишли вазирлик ва идоралар, шунингдек, иккала мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида бундай сессияларни ташкил этишни тизимлаштириш бўйича келишувга эришилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги