Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида экспортчи тадбиркорлар учун давра суҳбати бўлиб ўтди

2021-01-29 | Иқтисодиёт

Жорий йилнинг 27 январь куни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида 2000 га яқин маҳаллий экспортчилар ҳамда кичик ва ўрта бизнес вакиллари иштирокида ташқи савдо соҳасидаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш ҳамда Республиканинг экспорт салоҳиятини ошириш учун қўшимча имкониятларни аниқлашга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарияти, 30 га яқин ихтисослашган вазирликлар, идоралар, тармоқ бирлашмалари, тижорат банклари, шунингдек, инвестициялар ва ташқи савдо бўйича вилоятлар ҳокимлари ўринбосарлари бир қатор тадбиркорлар каби видеоконференция орқали қатнашди.

Очиқ мулоқот шаклида кечган анжуман чоғида экспорт фаолиятини самарали рағбатлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири экани, шу жиҳатдан хусусий бизнес вакиллари билан тўғридан-тўғри мулоқот ушбу соҳанинг ҳозирги ҳолатини ўрганиш ва уни такомиллаштириш бўйича истиқболли таклифларни ишлаб чиқиш учун энг самарали восита сифатида қаралаётгани таъкидланди.

Давра суҳбати давомида экспортчи тадбиркорлар ишлаб чиқариш ва экспорт фаолияти жараёнида дуч келинаётган долзарб масалаларни билдириб, ишбилармонлик муҳити ва экспорт операцияларини янада такомиллаштириш бўйича конструктив таклифларини илгари суриш имконига эга бўлдилар.

Шунингдек, ечими экспорт салоҳияти ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ўсишига ёрдам берадиган мавжуд тизимли муаммолар атрофлича муҳокама қилинди. Экспортни қўллаб-қувватлаш миллий тизимини такомиллаштириш ва экспорт фаолиятини амалга оширадиган ёки амалга оширмоқчи бўлган барча тадбиркорлик субъектларини унинг хизматлари билан тўлиқ қамраб олишни таъминлашнинг муҳимлиги қайд этилди.

Мавжуд бўлган ишлаб чиқаришни кенгайтириш, тўлиқ қиймат занжирларини яратиш, савдонинг янги йўналишларини ўзлаштириш ва янги истиқболли хорижий бозорларга чиқиш орқали экспорт ҳажмини ошириш учун қўшимча захираларни аниқлаш ва улардан фойдаланишга йўналтирилган тадбиркорлар билан манзилли ишларни йўлга қўйиш бўйича амалий чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратилди. Шу нуқтаи назардан, ишлаб чиқарувчилар ва экспортчилар билан мунтазам равишда жойларга бориб, муайян корхоналар кесимида аҳволни ўрганиш орқали доимий ҳамда бевосита мулоқотни қўллаб-қувватлаш муҳимлиги таъкидланди.

Ўз навбатида, вазирлик ва идоралар вакиллари экспортчилар учун мавжуд бўлган имтиёзлар ва преференциялар, уларни молиявий қўллаб-қувватлашнинг амалдаги механизмлари, жумладан, экспортолди молиялаштириш воситалари, транспорт харажатларини қоплаш, тижорат банклари кредитлари бўйича кафолатлар бериш ва экспорт шартномаларини суғурталаш, миллий маҳсулот ҳамда брендларни ташқи бозорга чиқариш имкониятлари тўғрисида, хорижий мижозларни топишда, музокаралар жараёнида ва зарур халқаро сертификатларни олиш тартибларида амалий кўмак кўрсатиш тўғрисида батафсил маълумотлар билан ўртоқлашдилар.

Бундан ташқари, "B2G" шаклида савол ва жавоблар сессияси ташкил қилинди, унинг доирасида экспортчи тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган саволларга аниқ жавоблар олишга ва тегишли давлат тузилмалари ва ташкилотлари вакиллари билан шахсан маслаҳатлашиш имконига эга бўлдилар.

Давра суҳбати якунига кўра, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва Экспортни рағбатлантириш агентлигига тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда айтиб ўтилган таклифлар асосида амалдаги экспортчилар ҳамда ўз маҳсулотларини чет элга экспорт қилишни истаган тадбиркорлар учун янги қўллаб-қувватлаш механизмларини, шунингдек, маҳаллий маҳсулотлар экспорти ҳажмини ошириш мақсадида қўшимча захиралардан фойдаланиш бўйича аниқ алгоритмларни ишлаб чиқиш топширилди.

Экспортчи тадбиркорлар билан доимий мулоқот ўрнатиш мақсадида бундай тадбирларни мунтазам равишда ўтказиш амалиётини давом эттиришга қарор қилинди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

Поделиться