Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди
2021-01-28 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 27 январь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаковнинг Миср Араб Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги янги тайинланган Фавқулодда ва Мухтор элчиси Амира Фаҳмий билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашув сиёсат, савдо, инвестиция, транспорт ва маданий-гуманитар ҳамкорлик соҳасидаги Ўзбекистон-Миср муносабатларининг бугунги ҳолати, шунингдек, уларни янада кенгайтириш бўйича ҳамкорликнинг устувор йўналишларини атрофлича муҳокама қилишга бағишланди.
Икки мамлакат иқтисодиёти инвестиция ва савдо-иқтисодий ҳамкорлик кўламини бир неча баробар ошириш учун барча зарур шарт-шароит ҳамда ресурсларга эга эканлиги таъкидланди. Хусусан, икки давлат турли тармоқларининг рақобатдош устунликларини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон ва Миср ишлаб чиқарувчилари ўртасида саноат кооперациясини йўлга қўйиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон ва Миср ишбилармон доиралари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш бўйича амалий чора-тадбирларни рўёбга чиқариш орқали икки мамлакат ўртасида ишбилармонлик шериклигини биргаликда рағбатлантиришнинг муҳимлиги қайд этилди. Шу нуқтаи назардан, ҳар икки мамлакатда савдо уйлари ва бизнесни қўллаб-қувватлаш марказларини очиш таклифи кўриб чиқилди.
Мулоқотда, шунингдек, идоралараро даражада тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳимлиги таъкидланди ва шу муносабат билан яқин келажакда Миср Араб Республикаси Халқаро ҳамкорлик вазирлиги ва Инвестициялар ва эркин зоналари Бош агентлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги раҳбар ва экспертлари ўртасида яқин алоқаларни ўрнатиш ва ўрта ҳамда узоқ муддатли устувор вазифаларни аниқлаш мақсадида бир қатор учрашувлар ва видеоконференциялар ўтказишга келишиб олинди.
Томонлар Ўзбекистон савдо-саноат палатаси ва Миср Савдо палаталари федерацияси ҳамда икки мамлакат хусусий сектор компаниялари иштирокида Ўзбекистон-Миср ишбилармонлар кенгашини тузиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни бошлашга алоҳида тартибда келишиб олдилар.
Учрашув якунлари бўйича Тошкентда савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича Ўзбекистон-Миср ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги йиғилишини ўтказиш тўғрисида келишувга эришилди. Унинг доирасида “G2B” ва “B2B” шаклида қўшма бизнес-форум ва бир қатор икки томонлама учрашувлар ташкил этиш режалаштирилган.
Томонлар, шунингдек, келишилган тадбирларни амалга ошириш учун аниқ амалий чора-тадбирлар, муддатлари ва ҳар икки тарафнинг масъул шахсларини кўрсатган ҳолда қўшма “Йўл харитаси” ишлаб чиқиш ва тасдиқлашга келишиб олдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги