Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
JP Morgan Development Finance Institution тузилмаси Ўзбекистон Республикасининг миллий валютадаги халқаро облигациялари транзакциясининг тараққиётга бўлган таъсирини “юқори даражада” баҳолади
2021-01-27 | Иқтисодиёт
JP Morgan Development Finance Institution (JP Morgan DFI) тузилмаси
2020 йил 19 ноябрда чиқарилган Ўзбекистон Республикасининг миллий валютадаги илк халқаро облигациялари транзакциясига “тараққиёт молияси” мақомини (Development Finance Qualification) берди ва транзакциянинг тараққиётга бўлган таъсирини “юқори даражада” баҳолади.
Халқаро облигациялардан тушган 2 трлн. сўм миқдоридаги маблағлар Бирлашган миллатлар ташкилотининг (БМТ) Барқарор ривожланиш мақсадларига, хусусан камбағалликка қарши курашиш, соғлом турмуш тарзини ва сифатли таълимни тарғиб қилиш, гендер тенглиги таъминланишини жадаллаштириш, тоза ичимлик сувидан фойдаланиш имкониятларини яратиш, муносиб меҳнат шароити ва иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлаш ҳамда инфратузилма барқарорлигини оширишга қаратилган ривожланиш лойиҳалари учун сарфланади.
Қарз маблағларидан фойдаланишда самарадорлик ва шаффофликни ошириш мақсадида JP Morgan DFI тузилмаси билан ҳамкорликда сараланган ривожланиш лойиҳаларининг амалга оширилиши натижалари бўйича йиллик ҳисобот Молия вазирлиги веб-сайтида жойлаштирилади ва халқаро инвесторларга тақдим этиб борилади. Амалга оширилган лойиҳаларнинг аҳоли турмуш даражасини яхшилашга бўлган таъсири мазкур ҳисоботда акс эттирилади.
Қайд этиш жоизки, JP Morgan DFI тузилмаси томонидан халқаро облигациялардан тушган маблағлар ҳисобидан амалга ошириладиган ривожланиш лойиҳаларининг натижалари бўйича йиллик ҳисобот эълон қилиниши дунё миқёсида биринчи амалиёт эканлиги ва бу бошқа мамлакатлар учун наъмуна сифатида хизмат қилиши этироф этилди.
Мазкур ривожланиш лойиҳалари мактаблар, соғлиқни сақлаш муассасалари, ичимлик суви ва канализация қувурлари ва автомобил йўлларини қуриш ва таъмирлаш, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган аёллар ва оилаларга ҳамда ногирон аёлларга моддий ёрдам кўрсатиш, оилавий ва хусусий бизнесни ташкил этишда аёлларга имтиёзли кредитлар бериш, оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ишсизлик нафақалари учун тўловларни молиялаштиришни ўз ичига олади.
Шунингдек, ривожланиш лойиҳаларининг амалга оширилиши устидан мониторинг олиб бориш бўйича Молия вазирлиги ва БМТ Тараққиёт дастури ўртасида “Англашув меморандуми” имзоланиши режалаштирилган.
Маълумот учун: JP Morgan DFI тузилмаси миллий валютадаги халқаро облигациялар транзакциясида тараққиёт молиясини тузилмалаштириш бўйича маслаҳатчи (Development Finance Structurer) бўлиб, тузилма томонидан ушбу транзакциянинг ривожланишга бўлган таъсири “тараққиёт молияси” услубиёти асосида таҳлил қилинган.
БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига 2030 йилгача эришиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 20 октябрдаги “2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 841-сонли қарори қабул қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги ПФ–5635-сон Фармони билан БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари Ўзбекистон Республикасининг 24 та устувор халқаро рейтинг ва индекслари қаторига киритилган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги