Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Чегара ҳудудидаги маҳалла аҳолиси билан ўтказилган учрашувда қатор таклифлар ўртага ташланди
2021-01-26 | Жамият
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов Бухоро вилояти Олот тумани “Арабхона” маҳалла фуқаролар йиғинига ташриф буюриб, маҳалла фаоллари иштирокида учрашув ўтказди.
Унда асосий масала сифатида чегара олди ҳудудида истиқомат қилувчи аҳолининг ижтимоий-иқтисодий муаммолари ҳамда у билан боғлиқ мурожаатларни ўрганиш ва бартараф этишга алоҳида эътибор берилди.
Маълумот ўрнида айтиш лозимки, “Арабхона” маҳалласи қўшни Туркманистон Республикасининг Фароб тумани билан чегарадош ҳудудда жойлашган бўлиб, айни пайтда бу ерда 560 та оила, 2 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Маҳаллада ногиронлиги бўлган шахслар 24 нафар, тўрт нафар ва ундан ортиқ фарзанди бор оилалар 20 га ҳамда моддий ёрдам олувчи, нотинч, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар сони 10 га яқин бўлиб, бугунги кунда уларга маҳалла томонидан ҳар томонлама кўмак бериб келинмоқда.
Фуқаролар билан ўтказилган суҳбат давомида маҳаллага қўшимча равишда янги умумтаълим мактаби, қишлоқ врачлик пункти барпо этиш юзасидан мурожаатлар тингланди. Шу билан бирга ҳудуддаги ички йўлларни таъмирлаш бўйича ҳам қатор таклифлар билдирилди.
Вазир Р. Маматов мурожаатларнинг ижросини назоратга олиш ва аҳолининг яшаш шароитларини янада яхшилаш бўйича ҳудуддаги масъулларга аниқ вазифалар белгилаб берди. Шу билан бирга маҳалладаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан “Йўл харита”си ишлаб чиқилиб, ижроси назоратга олинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги