Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Аёллар дафтари"ни юритишга доир ўқув семинари ўтказилди
2021-01-25 | Жамият
Сирдарё вилояти маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармасида “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалаларига бағишланган “Аёллар дафтари"ни юритиш орқали хотин-қизлар муаммоларини тизимли ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш” мавзусида ўқув семинари ўтказилди.
Унда вилоят Бандлик бош бошқармаси, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши, ИИБ, АТ “Халқ банки” филиали масъул ходимлари, ҳудуддаги 102 та фуқаролар йиғини раисларининг оила, хотин-қизлар ва маънавий-маърифий ишлари бўйича ўринбосарлари, психологлар иштирок этишди.
Семинарда иштирок этган Сирдарё вилояти маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Н.Тожибоева “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш мақсадида тизим масъуллари томонидан амалга оширилиши лозим бўлган муҳим вазифаларга алоҳида тўхталиб ўтди.
Тадбирда иштирокчи ташкилотлар масъул ходимлари томонидан ишсиз аёллар бандлигини таъминлаш, бандликка кўмаклашиш жамғармаси ҳисобидан нодавлат ўқув марказлари ўртасида аёлларни касб-ҳунарга ўқитиш бўйича энг яхши ўқув дастури танловларини ўтказиш, ғолибларга грантлар ажратиш, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари вилоят Кенгаши томонидан мутасадди бошқарма ва идоралар билан ҳамкорликда қишлоқ хўжалигида кооперация муносабатларини жорий этган ҳолда шахсий томорқаларда етиштирилаётган маҳсулотларни ички ва ташқи бозорларга етказишда хотин-қизларга амалий ёрдам кўрсатиш борасида белгиланган вазифалар ижроси хусусида фикр юритишди.
Шунингдек, туман (шаҳар) Аҳоли бандликка кўмаклашиш марказлари қошида “Хотин-қизлар ҳуқуқий, психологик маслаҳатхонаси” фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда аёллар билан индивудиал ишлаш учун бандликка кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан шартнома асосида психологларни жалб этишда маҳалла ходимларининг асосий вазифалари айтиб ўтилди.
Семинарда маҳалла раисларининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий маънавий масалалар бўйича ўринбосарлари учун “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар билан ишлашга доир зарур тавсия ва кўрсатмалар берилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги