Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Адлия вазирининг юридик университет талабалари учрашуви: янги ғоялар ва мотивация
2021-01-24 | Ёшлар
Жорий йилнинг 23 январь куни адлия вазири Русланбек Давлетов Тошкент давлат юридик университети талабалари билан учрашди.
Эркин мулоқот тарзида ўтган учрашувда бугунги кунда ҳуқуқшунос кадрларни олдига қўйилаётган талаблар, бу соҳада таълимга берилаётган эътибор, шунингдек ҳуқуқий манбалар билан ишлаш усуллари бўйича фикрлар алмашилди.
Жумладан, адлия вазири томонидан талабаларга ўз ишининг устаси бўлиши учун тинимсиз изланишдан чарчамаслик кераклиги, ҳуқуқшунослар учун тил билишнинг аҳамияти, тил бу шунчаки мулоқот воситаси бўлибгина қолмай дунёқарашнинг кенгайишига ҳам хизмат қилиши ва муваффақият манбаларидан бири эканлиги айтиб ўтилди.
Шу билан бирга, тадбир давомида адлия вазири юридик соҳадаги кадрларни қўллаб қувватлаш бўйича келгусидаги режалар ва таклифлар хусусида тўхталиб ўтди.
Жумладан:
· талабалар учун хорижий ҳамкор университетларда бир семестрдан бир ўқув йилигача ўқиб келиш имконияти яратилади;
· хорижда магистратурада ва докторантурада ўқиш учун грантлар ва стипендиялар ажратилади;
· “Йил талабаси” танлови ўтказилади ва унинг ғолиби тўғридан тўғри Адлия вазирлигига ишга қабул қилинади;
· ҳуқуқшуносликка ихтисослаштирилган олий ўқув юртлари талабалари орасида олимпиадалар, “Балли ҳуқуқшунослар” кўрик танлови ташкил қилинади;
· Марказий Осиё давлатлари юридик олий таълим муассасалари талабаларининг “Central Asia Law Congress” юридик конгрессини Тошкент шаҳрида ўтказиш режалаштирилади.
Шу билан бирга, билимли талабаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Адлия вазирлиги стипендияси”ни жорий этилаётганлиги, ўқув жараёнини инновацион инфратузилма билан қамраб олган замонавий Тошкент давлат юридик университетини кампусини қуриш имконияти ўрганиб чиқилаётганлиги айтиб ўтилди.
Талаба ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга вазир билан юзма-юз мулоқот қилиш жараёнида жавоб олишди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги