Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Энергетика соҳасида амалга оширилаётган ишлар
2021-01-20 | Иқтисодиёт
Ўзбекистон Президенти Олий Мажлисга Мурожаатномасида таъкидлаганидек: “Aҳолининг иқтисодий фаоллиги ва даромадлари ўсиши билан энергия манбаларига бўлган талаб ҳам ортиб боради”. Шу муносабат билан Энергетика вазирлиги томонидан қувватларни ошириш, жумладан барқарор электр таъминоти бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда.
2020 йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон аҳолисига 1,74 млрд. кВт.соат, 2018 йил декабрь ойида эса (Энергетика вазирлиги ташкил этилишидан аввал) – 1,57 млрд. кВт.соат электр энергияси етказиб берилган. Яъни, бу борада ўсиш 11 фоизни ташкил этди.
Умуман олганда 2020 йилда мамлакатимиз бўйлаб электр энергияси истеъмоли 69,1 млрд. кВт. соатни ташкил қилиб, бу 2019 йилдаги кўрсаткичга нисбатан 6,1 фоизга ва 2016 йилдаги кўрсаткичга нисбатан 20,1 фоизга кўпдир.
Электр энергияси истеъмолининг бундай ортиши қандай таъминланган? Аввало, 2020 йилда мамлакатимиз электр станцияларида 66,4 млрд. кВт. соат электр энергияси ишлаб чиқилган бўлиб, бу 2019 йилдаги кўрсаткичга нисбатан 5 фоизга кўпдир ва 2016 йилга нисбатан 12,6 фоизга кўп.
Мамлакатимизда қўшимча электр энергиясини ишлаб чиқариш генерация қилинадиган қувватларни кенгайтириш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳисобига амалга оширилмоқда. Уларнинг барчаси замонавий энергия тежовчи технологияларга асосланган.
Хусусан, 2016 йилда қабул қилинган Инвестиция дастурида кўзда тутилган лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига давлат кафолати асосидаги кредитлар ҳисобидан 3,7 ГВтдан ортиқ қувватлар ишга туширилди.
Буларга қатор электр станцияларини қуриш ва модернизация қилиш ҳисобига эришилди. Шу тариқа, 900 МВт янги қувватлар Толимаржон ИЭС, 560 МВт – Тахиатош ИЭС, 450 МВт – Навоий ИЭС, 370 МВт - Тошкент ИЭМ, 150 МВт Ангрен ИЭСдаги кўмир энергоблокидан олинди. Бу дегани, 1 та янги электр станцияси, 4 та янги гидроэлектр станцияси ва мавжуд электр станцияларни кенгайтириш ишлари амалга оширилди.
Наманган вилоятида қурилган янги Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси бугунги кунда Фарғона водийсининг учта вилояти истеъмол қилаётган электр энергияси ҳажмининг ярмини ишлаб чиқармоқда, яъни энергия тизими шарқий бўғини энергетик хавфсизлигини таъминлашда муҳим роль ўйнайди. Тўрақўрғон ИЭС ишга туширилишидан аввал Фарғона водийсининг энергия таъминоти фақатгина Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудлари ва Қирғизистон Республикасидан импорт қилинаётган электр энергияси ҳисобига амалга оширилар эди.
Инвестиция дастурида кўзда тутилган лойиҳаларни тўлиқ амалга ошириш ҳисобидан мамлакатимизда ҳар йили 2016 йилга нисбатан 21 млрд. кВт.соатга кўп электр энергияси ишлаб чиқарилади. Бундан ташқари, амалдаги электр станцияларини модернизация қилиш ва янгиларини қуришда қўлланилаётган энергия тежамкор технологиялар 1 кВт.соат учун ёқилғи ҳаражатларини 1 фоизга тушириш имконини бермоқда. Натижада электр энергиясини ишлаб чиқаришда ўртача 2 млрд. куб метр табиий газ иқтисод қилинади.
2020 йилнинг ўзида хорижий инвесторлар билан давлат-хусусий шериклиги асосида олтита янги электр станциялари қурилиши бошлаб юборилди. Уларнинг умумий қиймати 2 милрд. доллар, умумий қуввати эса 2700 мегаваттни ташкил этади.
2020 йилда инвестиция лойиҳалари босқичлари амалга оширилиши натижасида 2021 йилда мамлакатимизда 1387 мегаваттлик қувватлар бўлган 9 янги электр станцияси ишга туширилади.
Улардан шу йилнинг октябрь ва ноябрь ойларининг ўзида турк компаниялари билан ҳамкорликда қуввати 940 МВт бўлган 4 та янги ИЭС қурилади.
Шунингдек жорий йилнинг октябрь ойида ҳар бирининг қуввати 100 МВт бўлган иккита қуёш электр станцияларини ишга тушириш режалаштирилмоқда (Самарқанд вилоятида Total Eren (Франция), Навоий вилоятида Masdar (БАА) ўз лойиҳаларини амалга оширмоқда).
Гидроэнергетика соҳасида ҳам қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. 2021 йил июнь ойида ГЭСнинг Чирчиқ-Бўзсув каскадига кирувчи “Камолот” гидроэлектр станцияси қурилиши якунланади. Шунингдек июнь ойида Сурхондарё вилоятидаги Тўполанг дарёсида Зарчоб кичик ГЭСлари каскадини ишга тушириш ҳам режалаштирилган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги