Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
РАСМИЙ МУНОСАБАТ
2021-01-21 | Маданият
Куни кеча, Podrobno.uz сайтида Маданият вазирлиги тизимидаги таълим муассасалари юзасидан танқидий мақола эълон қилинган эди.
Мазкур ҳолат бўйича Маданият вазирлиги мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ жумладан, Маданият вазири ўринбосари О.Мирзаев, вазирлик бошқармаси бошлиғи С.Мадиев ҳамда Республика мусиқа ва санъат коллежи директори И.Азимовлар иштирокида мақолада кўтарилган муаммо ўрганиб чиқилиб, суратдаги камчиликлар қисман бартараф этилди.
Республика мусиқа ва санъат коллежи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 майдаги «Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги ПФ-6000-сон фармони 13-бандига асосан Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳузуридаги Иқтидорли болалар академик лицейи ҳамда Тошкент ихтисослаштирилган маданият мактаби негизида ташкил этилди ва 2020/2021 ўқув йилидан ўз фаолиятини бошлади.
Муассаса биноси ҳақиқатдан ҳам аянчли аҳволда. Ўқув биноси, ошхона ва 150 ўринли ётоқхона мавжуд бўлиб, 1968, 1972 йилларда қурилган ва 2004-2005 йилларда Тошкент шаҳар ҳокимиятининг манзилли дастури асосида реконструкция қилинган. Қуввати 750 ўринли. Муассаса бинолари бугунги кунга қадар таъмирланмаган. Мазкур бинонинг дастлабки таъмирлаш ишлари 2021 йил 1 апрелдан бошланади. Ўқув бинолари эса 2021 йил сентябрь ойигача тўлиқ таъмирланиш режалаштирилган.
Маданият вазирлиги томонидан ушбу таълим муассасаси биноларини 2021 йилдан бошлаб босқичма-босқич таъмирлаш мақсадида лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда. Вазирлик режасига кўра, 2021 йилда иқтисод қилиниши режалаштирилган 10 млрд. сўм маблағни ушбу муассасани таъмирлаш ишларига йўналтирилиши режалаштирилган. Шу билан бирга, мазкур муассасанинг фаолиятини самарали ташкил қилиш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, бино ва иншоотларни реконструкция қилиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиб, ҳозирги пайтда лойиҳа Адлия вазирлигидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмоқда. Лойиҳада ушбу муассасанинг бино ва иншоотларини реконструкция қилиш билан бир қаторда қўшимча ётоқхона, спорт зал ва концерт залини қуриш акс эттирилган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги