Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Наманган ва Навоий вилоятларида спорт соҳасидаги ишлар комплекс ўрганилмоқда
2021-01-19 | Спорт
Вазирлар Маҳкамасининг топшириғига биноан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 мартдаги “Ўзбекистон спортчиларини 2020 йил Токио шаҳри (Япония)да бўлиб ўтадиган ХХХII ёзги Олимпия ва ХVI Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисида”ги ПҚ-2821-сонли ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 7 августдаги “Ўзбекистонда 2025 йил ёшлар ўртасида IV Осиё ўйинларини ўтказишни ташкил этиш тўғрисида”ги 468-сон қарорлари ижро ҳолатини ўрганиш бўйича Вазирлар Маҳкамаси, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳ тузилди.
Унга кўра, 18-21 январь кунлари Вазирлар Маҳкамасининг Спорт ва туризмни ривожлантириш масалалари котибияти Бош мутахассиси, ишчи гуруҳ раҳбари Р.Талипов, Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Р. Ирматов, МОҚ Бош котиби О.Касимовдан иборат гуруҳ Наманган вилоятида; Вазирлар Маҳкамасининг Спорт ва туризмни ривожлантириш масалалари котибияти Бош мутахассиси, ишчи гуруҳ раҳбари З.Таджибаев, Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг ўринбосари А.Каримов, МОҚ раиси ўринбосари Ш.Ташматовдан иборат гуруҳ Навоий вилоятида ўрганиш ишларини олиб боришмоқда.
Наманганда ўтган учрашувда пойтахтдан ташриф буюрган меҳмонларни вилоят ҳокими Шавкат Абдуразаков кутиб олди. Дўстона руҳда ўтган учрашувда вилоятда Токио-2020 Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўраётган спортчилар ва уларнинг ижтимоий шароити, ҳудудларда муҳтарам Президентимиз илгари сураётган соғлом турмуш тарзи тарғиботининг амалдаги ҳолати, келгусидаги режалар хусусида атрофлича суҳбат олиб борилди.
Унда Олимпия спорт турлари бўйича вилоят федерация (бўлим)ларини ташкил қилинганлиги, ҳамда уларнинг самарали фаолият юритиши ҳолати, шаҳар ва туман ҳокимиятларининг Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарлик олиб бораётган вилоят спортчиларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлар, ушбу масалалар юзасидан функционал вазифаларнинг бажарилиши, мутасаддиларнинг масъулияти ва жавобгарлиги, Олимпия ва Паралимпия ўйинларига йўлланмаларни қўлга киритиши режалаштирилаётган спортчи ҳамда уларнинг мураббийларига яратилган шарт-шароитлар, ҳудудлардаги спорт объектларининг фаолияти ва ёшлар учун яратиб берилаётган шароитлар каби масалалар суҳбатнинг асосий мавзуларига айланди.
Ишчи гуруҳ аъзолари шундан сўнг Наманган вилояти маданият марказида вилоят Халқ таълими бошқармаси, БЎСМ ва ИБЎСМ мутасаддилари билан учрашдилар. Унда вилоятда жисмоний тарбия ва спортни янада ривожлантириш, ўқувчи ёшларни оммавий спортга кенг жалб қилиш, спорт билан мунтазам шуғулланувчи ёшлар сонини ошириш каби устувор масалалар танқидий руҳда кўриб чиқилди.
Сафар давомида мутасаддилар муҳтарам Президентимиз томонидан берилган спорт билан мунтазам шуғулланувчилар сонини жорий йилда камида 25 фоизга олиб чиқиш бўйича топшириқларининг амалдаги ижроси, бу борада олиб борилаётган ишлар, режалар бўйича танқидий руҳдаги ўрганишлар олиб боришди. Шунингдек, учрашувда соҳадаги муаммоларни бартараф этиш, ёшлар ва хотин-қизларнинг спорт билан шуғулланишлари учун яратиб берилаётган шароитларни янада яхшилаш борасидаги чора-тадбирлар белгилаб олинди. Ишчи гуруҳ аъзолари сафар давомида юқорида таъкидлаб ўтилган масалалар бўйича Чуст ва Тўрақўрғон туманларидаги Болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари, Наманган Олимпия захиралари мактаб интернатининг имкониятларини яқиндан ўрганишди.
Манба: Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси