Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси элчи билан учрашди
2021-01-19 | Жамият
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Баҳром Норқобилов мамлакатимизнинг Австрия ва Венгриядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси билан учрашди.
Учрашув мамлакатимизнинг Австрия ва Венгриядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Абад Файзуллаевнинг Ўзбекистоннинг Венгрия давлати билан самарали ҳамкорлиги тўғрисидаги ахбороти билан бошланди.
Элчи гўшт-сут йўналишидаги наслли қорамолчиликни ривожлантириш, чорвачилик кластерларини ташкил этишда Венгрия тажрибасини амалга ошириш юқори самара беришини таъкидлади.
Мулоқот давомида ветеринария ва чорвачилик тармоқларини ривожлантиришда ўзаро ҳамкорлик ўрнатиш масалалари кенг муҳокама қилинди. Жумладан, Венгриянинг “Хунланд” компанияси билан ҳамкорликда сут йўналишидаги чорвачилик қўшма кластерини ташкил этиш, “Рояль Пате” компанияси билан ғоз етиштиришга ихтисослашган ферма ташкил этиш (умумий суммаси 1,5 миллион АҚШ доллари), парранда гўнгини қайта ишлашга ихтисослашган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш (умумий қиймати 10 миллион АШҚ доллари), “Мастур Гуд” ва “Хунбас” компаниялари билан биргаликда ҳайвонлар оқсилини қайта ишлаш бўйича қўшма лойиҳани амалга ошириш (умумий суммаси 15 миллион АҚШ доллари) ҳамда Венгрия чорвадорлар уюшмаси билан ҳамкорликда гўшт йўналишида қўшма кластер ташкил этиш (умумий суммаси 15 миллион АҚШ доллари) каби кўплаб истиқболли лойиҳалар хусусида фикр алмашилди.
Эслатиб ўтамиз, ҳозирги кунда “Хунланд” компанияси томонидан Навоий вилоятининг Навбаҳор туманида янги лойиҳалар амалга оширилмоқда. Қўшма корхона томонидан Венгрия ва Германия давлатларидан сут йўналишидаги жами 320 бош голштейн ва симментал зотли қорамол олиб келинган. “Хунбас” компанияси билан ҳамкорликда парранда гўнгини қайта ишлашга ихтисослашган қўшма лойиҳани амалга ошириш бўйича онлайн музокаралар олиб борилмоқда.
Шу йилнинг февраль ойида эса қўмита мутахассисларидан иборат делегациянинг Венгрияга ташрифи режалаштирилган.
Ташриф чоғида наслли чорва молларини етиштириш, сут маҳсулотлари ва парранда гўнгини қайта ишлашга ихтисослашган корхоналар фаолияти билан яқиндан танишиш ҳамда венгриялик ҳамкорлар билан лойиҳаларни амалга ошириш, бу борада аниқ бизнес-режалар ишлаб чиқиш бўйича музокаралар олиб борилиши кўзда тутилган.
Манба: ЎзА