Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ютуқли чек ўйинлари: совринлар таркиби ўзгарди
2021-01-19 | Иқтисодиёт
Ютуқли чек ўйинлари – бу ДСҚнинг 2020 йилдаги энг оммабоп ижтимоий лойиҳаларидан бири.
Ўтган йили истеъмолчилар учун олтита тираж ўтказилди. Уларда 120 та қимматбаҳо соврин, жумладан 6 та Chevrolet Nexia-3 автомобили ўйналди. ДСҚ Матбуот хизмати аввалроқ ўйиннинг иқтисодий самараси ҳақида (https://t.me/soliqnews/5338) маълумот берган эди.
Акция 2021 йилда ҳам давом этади. Шу муносабат билан, ДСҚнинг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалари фойдаланувчилари орасида бешта жавоб вариантидан иборат “Сиз навбатдаги тиражларда совринлар таркиби ўзгаришини хоҳлайсизми?” сўровномаси ўтказилди (https://t.me/soliqnews/5343).
Аксарият иштирокчилар “Ҳа! Совринларни 25 тага ошириш, ҳар тиражда Chevrolet Spark автомобили ўйналиши керак” деган жавоб вариантини фаол қўллаб-қувватлади (50%дан зиёд). “Фақат Chevrolet Gentra ва пул мукофотлари ўйналиши керак” жавоб вариантини эса иштирокчиларнинг 37%и маъқул кўрди.
Сўровнома натижаларидан келиб чиқиб, совғалар рўйхатини ўзгартириш, совринларни 25 тага ошириш ва ҳар бир тиражга Chevrolet Spark қўйилиши ҳақида қарор қабул қилинди.
Онлайн назорат-касса машиналари ёки виртуал кассалардан олинган QR-кодли чекларни сканерлашда давом этинг ва ДСҚ ютуқли чек ўйинларида иштирок этинг.
2021 йилнинг илк тиражига жуда оз қолди!
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси