Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Мурожаатномада кўзда тутилган маҳалла тизимига оид муҳим масалалар юзасидан фикр алмашилди
2021-01-16 | Жамият
Бугун Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигида Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис палаталари ва халқимизга йўллаган Мурожаатномаси мазмун-моҳиятини очиб бериш, унда келтирилган масалалар бўйича атрофлича фикр алмашиш мақсадида “Мурожаатномада ижтимоий соҳани ривожлантириш борасида белгиланган вазифалар” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Унда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти кафедра мудири Мусаллам Абдужаббарова ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази бўлим бошлиғи Мансур Мусаевлар мавзуга оид ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтишди.
Таъкидланганидек, Мурожаатномада кўплаб ижтимоий соҳалар қатори маҳалла тизимини ривожлантириш, маҳалла раисларининг жамиятдаги обрўси ва ўрнини янада ошириш, соҳа ходимлари томонидан одамлар турмуш тарзини янада яхшилаш, уларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ вазифа ва таклифлар билдириб ўтилган.
Айниқса, “маҳалла раиси — ислоҳотчи” тамойили асосида тизим ходимларининг ижтимоий масъулиятини ошириш, уларнинг жамиятда кечаётган жараёнларга бевосита таъсир ўтказувчи асосий куч сифатида майдонга чиқиши лозим эканлигига урғу берилди. Шунингдек, маҳаллий ҳокимликларнинг бу борада амалга ошириши лозим бўлган муҳим вазифалари ҳамда ҳудуддаги мавжуд муаммоларни бартараф этишда фуқаролар йиғинлари билан олиб бориши белгиланган аниқ вазифалари келтириб ўтилди.
Тадбир давомида йиғилиш иштирокчиларининг мавзуга оид саволларига мутахассислар томонидан атрофлича жавоб берилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги