Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Япония Бош вазирининг ўринбосари, молия вазири Таро Асо билан музокаралар бўлиб ўтди
2021-01-16 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 15 январь куни видеоконференция шаклида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Япония Бош вазирининг ўринбосари - молия вазири Таро Асо билан музокаралар ўтказди.
Музокаралар чоғида икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг бугунги масалалари ҳамда уни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди. 2019 йилнинг декабрида Японияга олий даражада амалга оширилган ташриф якунлари бўйича эришилган келишувлар доирасида савдо-иқтисодий, молиявий, техник ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантиришда ижобий тенденция кузатилганлиги қайд этилди.
Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) билан ҳамкорлик қилишнинг бориши ҳамда икки томонлама йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш билан боғлиқ қатор масалалар алоҳида муҳокама қилинди. Япония томони Японияда хусусий бизнес вакилларининг Ўзбекистонда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида қўшма корхоналар ташкил этишга қизиқиши ортиб бораётганини қайд этди.
Мулоқот чоғида, шунингдек, жорий йилга мўлжалланган қўшма тадбирлар, жумладан, Ўзбекистон-Япония парламентлараро форумининг 3-йиғилиши ҳамда Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон - Япония ва Япония - Ўзбекистон қўмиталарининг навбатдаги йиғилишларини ташкил этиш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.
Музокаралар якунида томонлар кўп қиррали икки томонлама ҳамкорлик доирасида кейинги тадбирларни белгилаб олдилар ва ҳамкорликнинг асосий жиҳатлари бўйича аниқ келишувларга эришдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги