Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
QVANT журнали тақдимоти ўтказилди
2021-01-16 | Инновация
Инновацион ривожланиш вазирлиги биносида QVANT илмий-оммабоп ва амалий журналининг тўртинчи сони тақдимоти бўлиб ўтди.
Журнал Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг кўмагида, Ўзбекистонда маърифатчилик ғоясини муносиб амалга ошириш ва илм-фанни ривожлантириш мақсадида нашр этилмоқда.
Тадбирда давлат ва хусусий сектор вакиллари, илм-фан, ишлаб чиқариш ва молия соҳалари экспертлари, журналист ва блогерлар иштирок этдилар. Тақдимотда Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Азимжон Назаров, Иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Гулнора Абдураҳмонова, Тошкент шаҳридаги Вебстер университети адъюнкт-профессори, Ўзбекистондаги Европа Иттифоқи делегациясининг матбуот котиби Наргиза Аликулова сўзга чиқдилар.
– Журнал ёшлар, академиялар ва хусусий сектор вакиллари учун илҳом манбаига айланиши шубҳасиз, – деди А. Назаров. – Негаки айнан “QVANT” орқали инновация ва илм-фан соҳасидаги энг қизиқарли ютуқлар, таниқли олимлар, таҳлилчилар ва ишбилармонлар билан интервьюлар билан танишиш мумкин. Ўзбекистонни дунёнинг етакчи давлатларидан бирига айлантириш ғояси йўлидаги ишларда юртимизнинг интеллектуал потенциални оширишга эътибор қаратарканмиз, бунда илм-фан тарғиботи ҳам муҳим ўрин эгаллайди.
QVANT – “question” (савол), “version” (версия), “analytics” (таҳлил), “news” (янгиликлар), “technologies” (технологиялар) сўзларидан олинган аббревиатура бўлиб, фан янгиликлари, энг сўнгги технологиялар, ихтиролар, илмий тадқиқотлар ҳамда Ўзбекистон ва бутун дунё тараққиётининг янги даври, инновациялар ва юртимизнинг илғор фикрловчи кишилари ҳақидаги мақолаларни ўзида жамлаган. Журнал йилига 4 марта нашр этилади, . Ҳар бир сон ҳажми 100 саҳифадан иборат. Журнал интеллектуаллар ва тадбиркорлар, илмий ва ҳукумат муассасаларига тарқатилади, шунингдек www.qvant.uz сайтида электрон кўринишда тақдим этилган.
Журналнинг асосий вазифалари илмий тадқиқотлар натижаларини оммалаштириш, инновацион фаолиятларга жўшқинлик бериш, долзарб фундаментал ва амалий илмий муаммоларни ҳал қилишга республика олимларини интеграциялаш, жамиятда илм-фан обрўсини ошириш, илмий-техник зиёлилар қатламини тарбиялаш ва маърифатчилик фаолиятини амалга оширишдан иборат. Журналнинг асосий доимий рукнлари: илм-фан, тиббиёт, коинот, инновацион технологиялар, молия ва иқтисодиёт, ҳуқуқ, экология, маданият ва бошқалар. Бундан ташқари, ҳар бир сонда стартап лойиҳалар учун саҳифалар ажратилади, бу уларга ўзларини бизнес-фаришталарга танитиш имконини беради.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги