Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тошкентда янги заргарлик корхонаси очилди
2021-01-15 | Сиёсат
Заргарлик маҳсулотлари бутун дунёда харидоргир. Ушбу тармоқда жаҳон бўйлаб ишлаб чиқариш ҳажми йилига 5-6 фоизга ўсаётгани, товар айланмаси 250 миллиард доллардан ошаётгани бу соҳада улкан бозор борлигини кўрсатади.
Мамлакатимизда бу соҳа кўп йиллар эътибордан четда қолганди. Заргарлик корхоналари асбоб-ускуналарининг 80 фоизи эскирган, айримларида ишлаб чиқариш тўхтаган эди.
Президент Шавкат Мирзиёев 2019 йил 8 май куни ўтказилган йиғилишда заргарликни чинакам саноат даражасига олиб чиқиш вазифасини қўйган эди. Кўп ўтмай, ўша йили 18 майда давлат раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида заргарлик тармоғини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Унга мувофиқ, соҳага чет эл инвестицияларини фаол жалб этиш, рақобатбардош ва сифатли заргарлик буюмларини тайёрлашда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун қулай шарт-шароитлар яратилди.
Яқинда пойтахтимизнинг Чилонзор туманида ишга туширилган “Gold Moon Tashkent” масъулияти чекланган жамият ана шу имкониятлар натижаларидан бири.
Давлатимиз раҳбари бугун ушбу корхона фаолияти билан танишди.
Қиймати қарийб 21 миллион доллар бўлган мазкур лойиҳа доирасида йилига 6 тонна заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш қуввати ташкил этилган. Италия, Германия ва Туркиядан замонавий асбоб-ускуналар келтириб ўрнатилган. Ишга 400 дан ортиқ моҳир заргар жалб қилинган. Италиялик дизайнер ва техник ходимлар уларга ўз маҳорат ва тажрибаларини ўргатмоқда.
Собиқ “ФОНОН” илмий-ишлаб чиқариш корхонаси негизида очилган ушбу ширкат маҳсулотлари замонавийлиги, сифати ва нафислиги билан ажралиб туради. Бугунги кунда уларнинг харидори кўпайиб, импорт ўрнини босмоқда. Шунингдек, завод биносида савдо дўкони ташкил этилган. Маҳсулотларнинг 15 фоизини Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Афғонистон ва бошқа давлатларга экспорт қилиш режалаштирилган.
- Заргарлик халқимизда азалдан бўлган, бугун ҳам бор, - деди Шавкат Мирзиёев. - Бизнинг мақсадимиз - ёшларни замонавий технологиялар ва дизайнга ўргатиб, камида 10 минг нафар йигит-қизни иш билан таъминлаш, Ўзбекистон миллий брендини жаҳон бозорига чиқариш. Юртимизда хомашё, қўли гул ҳунармандлар бор. Бу соҳа миллий анъаналарни тиклаш, ўзлигимизни англаш нуқтаи назаридан ҳам катта пойдевор.
Корхона хомашёни мамлакатимизнинг тоғ-кон саноати комбинатларидан биржа савдолари орқали олади. Бу маҳаллий ҳунармандлар учун ҳам қулайлик яратади. Завод уларга ярим тайёр маҳсулотлар етказиб беради.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти