Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
200 млрд сўмлик ҚҚС корхоналарга қайтариб берилди
2021-01-15 | Иқтисодиёт
Қўшилган қиймат солиғи суммаси ўрнини қоплаш тартиби тўғрисидаги низом талабларига кўра, Сурхондарё вилояти давлат солиқ бошқармаси ходимлари қўшилган қиймат солиғини қайтариш бўйича солиқ тўловчилардан келиб тушаётган аризаларни 2 хил муддатда 7 кун ва 60 кундан кечиктирмай кўриб чиқмоқда.
2020 йилда вилоят давлат солиқ бошқармасига қўшилган қиймат солиғини қайтариб бериш тўғрисида мингга яқин мурожаат келиб тушди. Ушбу мурожаатларнинг 400 дан зиёди қаноатлантирилиб, тадбиркорлик субъектларга 202,584 млрд сўм маблағ қайтариб берилди. Ҳозирда яна 126 та ариза кўриб чиқилмоқда.
– Қўшилган қиймат солиғидан ортиқча 542 млн. сўм миқдордаги маблағни қайтариш бўйича давлат солиқ бошқармасига ариза билан мурожаат қилгандик, – дейди Жарқўрғон туманида фаолият кўрсатиб келаётган “СУРХОН ОЛТИН МЕВАСИ” МЧЖ раҳбари Абдусаттор Махсумов. – Мурожаатимиз 3 кун муддат ичида кўриб чиқилиб, корхонамизнинг ҳисоб-рақамига ушбу маблағ тушириб берилди.
Сурхондарё вилояти ДСБ Матбуот хизмати
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси