Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Жанубий Корея буддистларини Ўзбекистон зиёрат турларига жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди
2021-01-15 | Туризм
Мамлакатимизнинг Сеулдаги элчихонаси ходимлари ва Жанубий Кореянинг «Чогье» буддистлар ташкилоти вакили Юн Юнг Хи ҳамда «Anytime Tour» сайёҳлик компанияси директори Ый Бун Шим ўртасида учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Учрашувда жанубий кореялик буддистларнинг Сурхондарё вилояти ва мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида жойлашган Ўзбекистоннинг тарихий обидаларига саёҳатларини ташкиллаштириш масаласи муҳокама қилинди.
Музокаралар чоғида сўнгги йилларда мамлакатимизда туризм саноатини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган туб ислоҳотлар тўғрисида атрофлича маълумот берилди. Бундан ташқари, Буюк Ипак йўли бўйлаб буддизмнинг дастлабки ривожланиши ва тарқалиши тарихи билан боғлиқ кўплаб тарихий ёдгорликлар мавжуд бўлган Сурхондарё вилоятининг сайёҳлик салоҳияти, хусусан Қоратепа, Фаёзтепа, Далварзинтепа каби қадимий буддавий ёдгорликлари сақланиб қолган ҳудудлар ҳақида айтиб ўтилди.
Учрашув давомида Жанубий Корея томонига Ўзбекистонда буддизмнинг пайдо бўлиши ва ривожланиши тўғрисида тақдимот материаллари ва видеофильмлар намойиш этилди.
Суҳбатдошларнинг маълум қилишича, ҳозирги вақтда Жанубий Кореяда буддистларнинг бошқа мамлакатларга саёҳатини ташкиллаштирувчи ўнлаб сайёҳлик агентликлари мавжуд. Корея буддисталар ташкилоти вакиллари зиёрат туризмини ривожлантириш учун Ўзбекистонда фаолият юритаётган сайёҳлик компаниялари билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.
Мулоқотда, шунингдек, туризм соҳасидаги инфратузилмани ривожлантиришга, шу жумладан транспорт, меҳмонхона хизматлари ва умумий овқатланиш объектларини яхшилаш, миллий диққатга сазовор жойларни қайта таъмирлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларни ҳисобга олган ҳолда, Жанубий Кореядан Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини кўпайтириш истиқболли эканлиги қайд этилди. Кореялик сайёҳлар учун визаларни Ўзбекистон томонидан бекор қилиниши ҳам алоҳида рағбатлантирувчи омил экани таъкидланди.
Корея Республикаси томони Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва юртимизнинг сайёҳлик компаниялари билан алоқаларни ўрнатиш ниятини тасдиқлади.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги