Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Долзарб масалалар олимлар нигоҳида
2021-01-13 | Фан
Мамлакатимизда давлат хизмати ва унинг самарадорлигини ошириш, янада такомиллаштириш мавзуларида илмий тадқиқот олиб бораётган 30 нафарга яқин олим ҳамда амалиётчи мутахассислар иштирокида жорий йилнинг 11 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан онлайн давра суҳбати ташкил этилди.
Унда Агентликнинг Истиқболли кадрлар селекцияси бошқармаси ходимлари А.Рахманов ва Д.Отабековлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг мамлакатимизда давлат хизматини тубдан такомиллаштиришга оид 2019 йил 3 октябрдаги ПФ–5843-сон Фармони ҳамда ПҚ–4472-сон қарорида давлат хизмати самарадорлигини ошириш, давлат органлари ва ташкилотларида ягона кадрлар сиёсатини таъминлаш ва соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида ахборот беришди.
Сўзга чиққанлар Давлат фуқаролик хизмати самарадорлигини ошириш давлат органлари ва ташкилотларида фаолият кўрсатаётган кадрлар малакаси, профессионал ва шахсий кўникмалари даражаси билан чамбарчас боғлиқ эканлигини айтиб, давлат фуқаролиги хизмати билан боғлиқ тизимли муаммоларни ҳал этишда Агентликнинг ўрни беқиёс эканлигини таъкидлашди.
Тадқиқотчилар 2021 йил мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да олдимизда турган долзарб вазифалар бўйича бир қатор илмий ва амалий таклиф-мулоҳазалар билдириб, ушбу илмий ишланмалар натижаларини амалиётга жорий этиш бўйича ўз таклифлари билан ҳам фаол иштирок этишди.
Агентликнинг Малака ошириш бошқармаси бошлиғи Д.Каримов давлат хизматчиларининг малакасини ошириш борасида ягона тизим яратиш, илғор хорижий тажрибадан унумли фойдаланиш, замонавий билим ва кўникмаларни АКТ имкониятларидан самарали фойдаланган ҳолда тезкор етказиб бериш борасида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Давра суҳбатида истиқболдаги долзарб вазифалар ҳамда Давлат фуқаролик хизматини ривожлантириш, амалий таклиф-мулоҳазалар билдирилишига кенг имкониятлар яратиш зарурлиги инобатга олиниб, келгусида бу каби учрашувлар тизимли ўтказилишига келишиб олинди.
Мирзо Улуғбек Мадалимов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини
ривожлантириш агентлиги Ахборот хизмати етакчи инспектори
Манба: «Янги Ўзбекистон»