Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Бангладеш элчиси ЖИДУ кутубхонасига энциклопедик адабиётлар совға қилди
2021-01-12 | Фан
Бангладешнинг Ўзбекистондаги Элчиси Муҳаммад Жаҳонгир Алам Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети (ЖИДУ) кутубхонасига ўз мамлакатининг тарихи ва маданиятига оид турли хил энциклопедик адабиётлар нусхаларини тақдим этди, деб хабар берди «Дунё» АА мухбири.
Китоблар дипломатнинг ЖИДУга ташрифи ва ректор Комилжон Каримов билан учрашуви пайтида топширилди.
Элчи Бангладеш ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга янги туртки бериш нияти ҳақида батафсил гапириб берди. Шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари ўртасидаги дўстлик алоқаларининг кенг ривожига ҳисса қўшаётган очиқ ва амалий ташқи сиёсатини юқори баҳолади.
Учрашув доирасида ЖИДУнинг Бангладеш университетлари ва илмий муассасалари билан ўзаро алоқаларини кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, яқин келажакда Элчининг ЖИДУ ўқитувчилари ва талабалари учун Бангладеш ташқи ва ички сиёсатининг ўзига хос хусусиятларига бағишланган маърузаларини ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилди.
Муҳаммад Жаҳонгир Алам қўшма лойиҳаларни амалга ошириш орқали илмий ва илмий-педагогик кадрларни тайёрлашга қизиқиш билдирди. Шу муносабат билан Элчига Ўзбекистонда фалсафа доктори ((PhD) илмий даражасини олиш учун қўйиладиган талаблар тўғрисида батафсил ахборот берилди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги