Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан «Мен ғолиб» шиори остида оммавий югуриш мусобақаси ўтказилди
2021-01-12 | Спорт
Куни кеча Тошкент шаҳрида 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан «Мен ғолиб» шиори остида ҳаваскорлар ўртасида оммавий югуриш мусобақаси ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири
Оммавий югуриш мусобақаси Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси, Ўзбекистон триатлон ҳамда Енгил атлетика федерациялари ташаббуси билан ташкил этилди.
Югуриш мусобақасининг умумий узунлиги 10 км масофани ташкил этди. Унда Қуролли кучлар таркибига кирувчи қарийб 300 нафар тузилмалар ходимлари ҳамда ҳаваскорлар ғолиблик учун баҳс олиб боришди.
«Мен ғолиб» шиори остидаги оммавий югуриш мусобақасининг жамоавий баҳсларида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик Кенгаши, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Ички ишлар, Мудофаа ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари ҳамда Давлат божхона қўмитаси, шунингдек, турли соҳа вакилларидан иборат жамоалар иштирок этди.
Ушбу мусобақада умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни Мудофаа вазирлиги жамоаси қўлга киритган бўлса, иккинчи ўринни Миллий гвардия жамоаси эгаллади. Фахрли 3-ўрин Давлат хавфсизлик хизмати жамоасига насиб этди.
Мусобақа ғолиб ва совриндорлари медаль ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги