Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон элчилари Тошкент шаҳридаги «Texnopark» фаолияти билан танишдилар
2021-01-12 | Иқтисодиёт
Айни пайтда Ўзбекистонда бўлиб турган мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги элчилари куни кеча ишлаб чиқариш имкониятлари, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар, экспорт салоҳияти ва 2021 йилги режалар билан танишиш мақсадида пойтахтимизнинг Яшнобод туманида жойлашган «Texnopark»га ташриф буюрдилар, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбирлари Музаффар Камилов ва Анвар Ильясов (суратлар).
Бугунги кунда, 100 гектардан зиёд майдонни эгаллаган «Texnopark» ҳудудида 7 та завод ишга туширилган. Хусусан, бу ерда газ ҳисоблагичлари, музлатгичлар, саноат кондиционерлари ва совутиш тизимлари, сув насослари, қолип ва штамплар, лифтлар ҳамда эскалаторлар ишлаб чиқарилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, 2019 йилда барча ишлаб чиқариш қувватларининг очилиш маросимида қатнашган давлатимиз раҳбари жорий этилган замонавий технологиялар, шунингдек, корхоналарни ишга тушириш ва фаолиятига ёш мутахассисларни тайёрлаш ва жалб қилиш муҳимлигини таъкидлаган эди.
Ишлаб чиқариш жараёни билан танишиш «Osten» бренди остида йўловчи, шифохона, юк ҳамда панорамали лифтлар ва эскалаторлар ишлаб чиқариш жараёнини кузатишдан бошланди. Корхонада бир йилда 2000 дона лифт ва 500 эскалатор ишлаб чиқарилади. Лойиҳа «Shanghai Mitsubishi» компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган.
Дипломатларнинг навбатдаги манзили, Италиянинг «Pietro Fiorentini» компанияси билан биргаликда «Osten» бренди остида ишлаб чиқарилган замонавий газ ҳисоблагичларини ишлаб чиқариш линияси бўлди. Мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши 500 та иш ўрни яратишга имкон берди. Корхонанинг йиллик қуввати 3 миллион донани ташкил этади.
Шундан кейин, дипломатлар «Samsung» бренди остидаги музлагичлар ишлаб чиқариш жараёни билан танишдилар. Ушбу корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 1 миллион дона совутгичдан иборат. Бу ерда ишлаб чиқариш жараёни 70 фоиз автоматлаштирилган. Фақатгина жараёнларни бошқариш ва таркибий қисмларни йиғишда инсон меҳнати талаб этилади. Бу ҳар 19 сонияда битта тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга имконини беради. Корхона замонавий лаборатория билан жиҳозланган, сифат назорати даври 7 сонияни ташкил қилади. Барча натижалар марказлаштирилган маълумотлар марказида сақланади. Бир вақтнинг ўзида тўрт хил турдаги совутгич ишлаб чиқариш имконияти туфайли лойиҳанинг Марказий Осиёда ўхшаши йўқ. Ҳозирги кунда, «Texnopark»да 10 турдаги ва модификациядаги 42 хил музлатгич ишлаб чиқармоқда.
Тур давомида элчиларга минтақада ягона бўлган яна бир лойиҳа — сув насослари ишлаб чиқариш корхонаси имкониятлари тақдим этилди.
Ушбу лойиҳанинг йиллик қуввати 550 минг донани ташкил этади. Айни пайтда бу ерда 200 киши доимий иш ўринлари билан таъминланган. Лойиҳа саноатнинг етакчи ишлаб чиқарувчилари «LEO Group of Companies» (Хитой) ва ֿ«Atlas Copco» (Швеция) билан ҳамкорликда йўлда қўйилди.
Саноат кондиционерлари ва совутиш тизимларини ишлаб чиқариш цехида «Шиваки» бренди остида маҳсулотлар тайёрланоқда. Корхонинг ишлаб чиқариш қуввати йилига 80 минг дона. Айни пайтда маиший суюқ совутгичлари, вентилятор ленталари, канал типидаги кондиционерлар, кассетали кондиционерлар ва ҳавони бошқариш мосламалари (AHU) каби саноат корхоналари учун маиший техникаларлар ишлаб чиқариляпти.
Мамлакатмизнинг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари, шунингдек, қолип ва штамплар ишлаб чиқариш жараёни билан яқиндан танишдилар. «Sodick» (Япония), «Istanbul Makina» (Туркия) ва «Wilhelm Oberste-Beulmann GmbH & Co.KG» (Германия) каби ҳамкорлар билан йўлга қўйилган мазкур корхонанинг йиллик қуввати 200 донадан маҳсулот ишлаб чиқариш имкониятига эга. Заводнинг афзалликлари ҳар қандай мураккабликдаги штампларни тайёрлаш, юқори сифатли материаллар ва жиҳозлардан фойдаланишдир.
Тақдимотда, шунингдек, 2021 йил охирига қадар, импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ташкил этишга қаратилган яна 8 та йирик инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш режалаштирилаётгани таъкидланди. Барча лойиҳаларни ишга тушириш натижасида, 10 мингга яқин иш ўринларини яратилади.
Натижада 16 та саноат тармоғини, шунингдек, логистика марказини бирлаштирган «Texnopark», Марказий Осиёда ички ва ташқи бозорларга йўналтирилган кўплаб саноат, техник, электрон, қурилиш ва маиший маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича энг илғор ва истиқболли комплексга айланади.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги