Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан иқтисодий ҳамда ижтимоий соҳаларда 2020 йилда эришилган асосий натижалар, 2021-йилда иқтисодий ўсишни таъминлаш ва амалга ошириладиган таркибий ислоҳотлар тўғрисида маълумот
2021-01-12 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 6 январь куни Вазирлар Маҳкамасида Макроиқтисодий таҳлил, таркибий ўзгартиришлар, молия-банк тизими, давлат активларини бошқариш, рақобатни ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича 2020 йилда амалга оширилган ҳамда жорий йилда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилиш танқидий руҳда ўтказилиб, вазирлик ва идоралар раҳбарларининг 2020 йил якунлари натижадорлиги ҳамда 2021 йил учун белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш тўғрисидаги ҳисоботлари тингланди.
2020 йилда глобал коронавирус пандемияси сабабли ташқи талабнинг сезиларли қисқариши шароитида иқтисодиётда ялпи талабни рағбатлантириш мақсадида мослашувчан фискал ва монетар сиёсат амалга оширилди. Бундан ташқари, пандемия туфайли молиявий қийин аҳволга тушган аҳоли қатлами ва тадбиркорлик субъектларига бевосита ва билвосита кўмак кўрсатилди. Хусусан:
а) реал сектор корхоналарини қўллаб-қувватлаш мақсадида:
- мослашувчан солиқ-бюджет ва пул-кредит сиёсати юритилиб, қарийб
7 трлн. сўмлик солиқ имтиёзлари ва енгилликлари берилди;
- коронавирус пандемияси оқибатларига қарши курашиш мақсадларига 16 трлн. сўмлик қўшимча маблағлар йўналтирилди;
б) ҳудудларда иқтисодий вазиятнинг барқарорлигини таъминлаш
ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида, пандемия шароитида фаолиятини вақтинча тўхтатган 16,6 мингдан зиёд тижорат корхоналари (саноат) иш жараёнини қайта тиклаш юзасидан ҳафталик мониторинги йўлга қўйилиб, ҳудудлар кесимида “корхонабай иш” тизимини ташкил этиш орқали уларнинг фаолияти тўлиқ тикланди;
в) камбағалликни қисқартириш ва аҳолини фаровонлигини ошириш чоралари доирасида:
- ижтимоий нафақа олувчи оилалар сонини декабрь ойига келиб, йил бошига нисбатан 2 баробарга ошириш орқали 1,2 млн. оилага етказилди;
- Қурбон ҳайити байрами арафасида “темир дафтар”га 182 мингдан ортиқ оилаларга 154 млрд. сўмлик моддий ёрдам пуллари етказилди;
- моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож 280 мингта оиланинг 1 млн. 195 минг нафар аъзосига республика бюджетидан 258,1 млрд сўм миқдорида бир марталик ёрдам пули тўлаб берилди;
- моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож “темир дафтар” киритилган ва бошқа эҳтиёжманд оилалардаги 845 минг нафардан ортиқ 16 ёшга тўлмаган болаларнинг ҳар бирига 500 минг сўмдан жами 422 млрд. сўм бир марталик ёрдам пул берилди;
- “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими ишлаб чиқилди, камбағаллик даражасини аниқлаш мезонлари ва баҳолаш услубиёти, ижтимоий таъминотнинг минимал стандартлари ва меъёрий асосларини пухта ишлаб чиқиш мақсадида халқаро экспертлар жалб қилинди;
г) ўзаро мувофиқлаштирилган макроиқтисодий сиёсатни олиб бориш ҳисобига инфляция даражаси 2019 йилдаги 15,2 фоиздан
11,1 фоизгача секинлашди.
Мазкур олиб борилган манзилли чора-тадбирлар натижасида,
2020 йилда макроиқтисодий барқарорлик ва ижобий ўсиш суръатларини сақлаб қолишга эришилди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 2020 йилда иқтисодий ўсиш ижобий 1,5 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда.
Шу билан бирга, 2020 – 2022 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида, бирламчи маълумотларга асосан, 2020 йилда бюджет маблағлари ҳисобидан 16,2 трлн. сўм маблағлар ўзлаштирилиб, 4 мингдан зиёд ижтимоий соҳа ва инфратузилма объектлари фойдаланишга топширилди.
Ўзбекистон “Бизнес юритиш” индексида 7 поғонага, “Иқтисодий эркинлик” индексида 26 поғонага, “Инсон камолоти” индексида 2 поғонага ўз ўринини яхшилади. Шу билан бирга, Ўзбекистон биринчи марта “Рақобатбардош саноат унумдорлиги” индексига киритилиб, 152 та мамлакат орасида 92-ўринни эгаллади.
2021 йилдаги иқтисодий сиёсатдаги асосий йўналишлар Президентимиз томонидан Олий Мажлис ва кенг жамоатчиликка қилинган Мурожаатномада аниқ кўрсатиб берилди.
Хусусан, пировард мақсад бўлган камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини таъминлашда Вазирлик олдида турган бирдан-бир йўл бу – юқори ва барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш эканлиги ва 2021 йилда узоқ муддатли иқтисодий ўсиш пойдеворини тайёрлаш таъкидлаб ўтилди.
2021 йилда иқтисодий ўсиш суръатларини тиклаш ва қўшимча иқтисодий ўсиш учун захиралар яратиш асосий вазифа қилиб берилди.
Мазкур иқтисодий ўсишни таъминлашнинг иккита шарти этиб, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва хусусий ҳамда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилишга шароитлар яратиш этиб белгиланди.
Иқтисодий ўсишга эришиш асосан иккита кесимда:
(1) мувофиқлаштирилган макроиқтисодий сиёсат юритиш, жумладан:
а) макроиқтисодий барқарорлик учун шароит яратиш:
- инфляция даражасини 10 фоиздан паст бўлиши;
- давлат бюджети тақчиллигини ялпи ички маҳсулотга нисбатан 5 фоиздан паст миқдорда бўлиши;
- давлат ташқи қарзини мақбул даражада бўлиши;
- алмашинув курсини кескин тебранишини олдини олиш ва тўлов баланси барқарорлигини таъминлаш;
б) бизнес ва инвестицион муҳитни яхшилашга қаратилган фундаментал таркибий ислоҳотларнинг асосий йўналишларини (хусусан, иқтисодиётда энерготаъминотини, транспорт ва инфратузилмани яхшилаш, рақобат муҳити ва хусусий мулк даҳлсизлигини таъминлаш, давлат иштирокидаги корхоналарни трансформация қилиш ва хусусийлаштиришни жадаллаштириш, ердан фойдаланиш ҳуқуқларини кафолатлаш ва ерларни бозор активларига айлантириш) амалга ошириш орқали юқори ва барқарор иқтисодий ўсишнинг пойдеворини шакллантириш;
(2) ҳудудларда мавжуд салоҳият ва заҳираларни (ўсиш нуқталарини) ҳаракатга келтириш орқали амалга оширилади.
Шунингдек, 2021 йилда камбағал оилалар даромадини оширишга қаратилган “мотивация, кўникма ва молиявий кўмак” тамойили асосида ижтимоий хизматлар пакетини амалга ошириш, аҳолини оилавий тадбиркорликка жалб қилиш, ёшлар ва хотин-қизларни тадбиркорлик кўникмалари ҳамда касб-ҳунарга ўқитиш ишлари давом эттирилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги