Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ҳарбийлар ва ёшлар учрашуви
2021-01-08 | Ёшлар
Пойтахтимизнинг Учтепа туманидаги 129-сонли умумтаълим мактабида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 29 йиллиги ҳамда 14-январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан “Ҳарбийлар билан учрашув” мавзуида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди ўтди.
Унда вазирлик масъуллари, Туман Мудофаа бўлими, Миллий гвардия ходимлари, нафақадаги ҳарбийлар ва маҳалла ёшлари, уларнинг ота-оналари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тадбирда таъкидланганидек, Истиқлол йилларида Миллий Армиямиз куч-қударини юксалтириш, мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини янада ошириш, қўшинларнинг моддий-техник таъминот тизимини мустаҳкамлаш борасида изчил ислоҳотлар олиб борилди. Натижада тарихан қисқа вақт ичида мамлакатимиз мустақиллиги, она Ватанимизнинг ҳудудий яхлитлиги, чегараларимиз дахлсизлиги, халқимизнинг осойишта ҳаётини сақлашга қодир ихчам, яхши таъминланган, юксак жанговар руҳга эга бўлган Миллий Армиямиз барпо этилди.
Айниқса, сўнгги охирги йилларда Муҳтарам Юртбошимиз — Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони раҳбарлигида мамлакатимизда офицер кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, Миллий Армиямиз сафларини чуқур билимга эга, замонавий фикрлайдиган, интеллектуал жиҳатдан етук мутахассислар билан таъминлаш, фуқароларни муддатли ҳарбий хизматга чақириш тизимини ислоҳ қилиш, Қуролли кучларимизни замонавий ҳарбий техникалар билан таъминлаш бўйича ҳам улкан ишлар амалга оширилди. Бунинг натижасида халқимизнинг армияга бўлган муносабати тубдан ўзгариб, Қуролли Кучларимиз сафлари ҳам жисмонан, ҳам руҳан етук, юксак салоҳиятга эга сержант ва офицерлар билан бойиб бормоқда.
— Бугунги кунда ўзбек фарзандлари учун Миллий Армия сафларида хизмат қилиш, Қуролли Кучлар сафида она Ватан сарҳадларини қўриқлаш юксак бурч ва шарафга айланди, — дейди Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Турғун Қирғизбоев. — Ўйлайманки, бу каби учрашувлар ёшларни она Ватанга муҳаббат, юртга садоқат руҳида тарбиялашга хизмат қилади.
Тадбир давомида маҳалла ёшлари жанговар техника ва қуроллар билан яқиндан танишиб, ушбу соҳага оид қизиқарли маълумотларга эга бўлдилар. Ҳарбийлар билан ўтган самимий суҳбат давомида эса ёшлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб олдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги