Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Нукусда Қорақалпоғистон ёш тадбиркорлари, талабалар ва жамоат фаоллари билан учрашди
2021-01-06 | Ёшлар
Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Сардор Умурзоқов кеча Нукус шаҳрида Қорақалпоғистон Республикаси ёшлари вакиллари билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги манбасига кўра, ёш тадбиркорлар, талабалар ва жамоатчи фаоллар билан кечган очиқ мулоқот ҳудудда ёшларнинг ривожланиши ва фаолияти билан боғлиқ долзарб масалаларни атрофлича муҳокама этиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, интеллектуал ва ижодий салоҳиятини юзага чиқариш имконини берди.
Иқтисодиёт, саноат ва технологиялар ривожланишидаги долзарб тенденцияларга тўхталиб ўтилди, бунда рақамлаштириш ва ахборот технологияларини кенг жорий этиш ва турли соҳаларда инновацион ечимлардан фойдаланишнинг ўрни алоҳида таъкидланди.
Кичик аҳоли пунктларида ёш авлоднинг бандлик даражасини ошириш ва қишлоқ жойларда ёшлар фойдаланишлари учун мўлжалланган инфратузилма объектларини ривожлантириш бўйича самарали механизмларни ишлаб чиқиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Ёшларни ҳудудларни ривожлантириш ва ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан аҳамиятли лойиҳаларни амалга оширишга жалб этишга қаратилган ёшлар ташкилотлари фаолиятини кенгайтириш чора-тадбирлари кўриб чиқилди. Илмий-техник ва бадиий ижодиётни фаол рағбатлантириш, шунингдек, ёш авлод ўртасида бизнес ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш кўникмаларини шакллантириш муҳимлиги алоҳида қайд этилди.
Шу ўринда истиқболли ғояларни аниқ инвестиция таклифларига айлантиришнинг самарали воситаси сифатида «Лойиҳалар фабрикаси»нинг ўрни алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, учрашув иштирокчиларига ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва янги механизмлар ҳақида маълумот берилди. Масалан, давлат раҳбарининг топшириғига мувофиқ, яқин келажакда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги қошида ёшларнинг инновацион ғоя ва лойиҳаларини молиялаштириш учун махсус жамғарма ташкил этилиши, унга дастлабки босқичда 100 миллион доллар ажратилиши маълум қилинди. Жамғарма маблағлари ёшлар лойиҳаларини паст фоиз ставкалари ва қулай шартларда амалга ошириш учун ажратилади. Бундан ташқари, Республика ҳудудларида «ёшлар кичик саноат зоналари»ни яратиш ташаббусига тўхталиб ўтилди. Унинг доирасида инвестиция лойиҳаларини руёбга чиқариш учун ёш тадбиркорларга ижара ва лизингнинг имтиёзли шартлари асосида тақдим этиладиган алоҳида ишлаб чиқариш майдончалари, бино ва иншоотлар қурилади.
Ўз навбатида, учрашув қатнашчилари ёшларнинг ривожланиши учун шарт-шароитларни яхшилаш, уларни саноат ва ижтимоий фаолиятга жалб этиш борасидаги фикрларини билдирдилар. Конструктив таклифлар қабул қилиниб, тадбир якунида тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига уларни амалга ошириш чораларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги