Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Чотқол ва Қурама тоғ тизмалари ёнбағирларидан тош даврига оид янги археологик ёдгорликлар аниқланди
2021-01-06 | Фан
Ўзбекистон Фанлар академияси Миллий археология маркази ва Ангрен шаҳар музейи ходимлари томонидан Чотқол ва Қурама тоғ тизмалари ёнбағирларида олиб борилган илмий изланишлар давомида тош даврига оид янгиликлар аниқланди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Фанлар академияси маълумотига кўра, тадқиқотлар натижасида бир қатор янги археологик ёдгорликлар топилган. Жумладан, Ангрен воҳаси Янгиободсой ва Қорабоғсой ирмоқлари юқори оқими ҳудудларида 2 та тош даври устахонаси, 2 та манзилгоҳ, қабр-қўрғонлар комплекси ва қоятош суратлари аниқланди.
Тош даври устахоналаридан чиққан топилмалар ушбу ёдгорликларнинг даврий чегараси ўрта палеолитдан бошланиб то сўнгги палеолитнинг охирларигача давом этганини кўрсатди.
Аниқланган манзиллардан бири устахона яқинида бўлиб, сўнгги палеолит даврига тегишлидир. Иккинчи манзилгоҳ тош даврининг сўнгги палеолит даври охирида бўлган. Топилган ёдгорликларнинг даврий санаси ер юзасидаги топилмалар асосида чиқарилган бўлиб, кейинги изланишлар масалага аниқлик киритиши мумкин.
Топилмалар ичида Ўзбекистон палеолитида олдин учрамаган ноёблар буюмлар ҳам бор. Хусусан, тошдан ясалган тумор биргина Ўзбекистон учун эмас, балки жаҳон палеолитшунослигида ҳам ноёб ҳисобланади.
Аниқланган қоятош суратлари ва қабр-қўрғонлар ушбу ҳудудларни турли тарихий даврларда инсонлар томонидан фаол ўзлаштирилганини кўрсатади.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги