Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва Финляндиянинг Турку амалий фанлар университети ҳамкорлигида қўшма таълим дастури очилди
2021-01-06 | Таълим
Тошкент давлат иқтисодиёт университетида Финляндиянинг Турку амалий фанлар университети билан ҳамкорлигида «Ахборот технологиялар ва тадбиркорлик» бакалавриат таълим йўналиши бўйича қўшма таълим дастурининг очилиш маросими онлайн шаклда бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Шерзод Асадов, мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги элчилари, Финляндиянинг Ўзбекистондаги фахрий консули Алишер Жўраев, Тошкент давлат иқтисодиёт университети раҳбарияти ва Турку амалий фанлар университети ректори Веса Таатила, Европанинг энг йирик инноватор тадбиркори Питер Вастербака ҳамда «Finest Future» вакиллари иштирок этишди.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги кўмагида мамлакатимизда таълим соҳасида дунёнинг етакчи ва илғор тажрибага эга университетлари билан янги лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Финляндия таълими ва инновацияси ғояларини юртимиз олий таълим дастурларига тадбиқ этиш вазифалари шулар жумласидандир. Ҳозирда Финляндиянинг Ўзбекистондаги фахрий консуллиги ва ушбу мамлакатнинг «Finest Future» компанияси билан ҳамкорликда ахборот-коммуникация ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича йирик лойиҳаларга старт берилган. Тошкент давлат иқтисодиёт университети ушбу лойиҳаларда илк ҳамкор олий таълим муассасаси сифатида иштирок этмоқда.
Дастурнинг ўзига хослиги шундан иборатки, унда талабалар 1+3 шаклида таълим оладилар. Талабаларга, шунингдек, Финляндия компанияларига ишга жойлашиш имконияти берилади. Яъни, дастур иштирокчилари дастлабки 1 йилни Ўзбекистонда ва кейинги 3 йилни Финляндияда ўтказадилар. Шунингдек, дастур иштирокчилари Финляндиянинг йирик АКТ компаниялари ва стартапларида амалиёт ўташади.
Дастлабки келишувларга кўра, қўшма таълим дастури бакалавриат босқичида «Ахборот технологиялари ва тадбирколик» ҳамда «Бизнес ахборот технологиялари ва тадбиркорлик» таълим йўналишлари бўйича талабаларни қабул қилиши режалаштирилган.
Лойиҳа Европанинг энг йирик инноватор тадбиркори Питер Вастербака етакчилигида амалга оширилмоқда.
Ушбу лойиҳа орқали ўзбекистонлик талабалар энг яхши билим ва кўникмаларга эга бўлган ҳолда Финляндиядан янги ғоялар ва тажрибаларни эгаллаб юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшадилар.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги