Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Жаҳон чемпионатлари ва Олимпиадага йўл Тошкент орқали
2021-01-05 | Спорт
Ўтган йилнинг ноябрь ойида Тошкентда сузиш бўйича ўтказилган мамлакат очиқ кубоги баҳслари ўзбек спорти учун аҳамиятли мусобақалардан бири сифатида ёдимизда қолган эди.
Чехия ва Қирғизистон терма жамоалари вакиллари ҳам қатнашган мазкур мусобақа Токио-2020 Олимпия ўйинларига саралаш турнирлари қаторида эътироф этилиб, унда Олимпиада нормативини бажарган сузувчилар лицензия қўлга киритишлари билан аҳамиятли бўлди. Қувонарлиси, мусобақа терма жамоамизнинг 2 нафар вакили учун Олимпиада нормативини бажаргани билан ёдимизда қолди.
Халқаро сув спорти турлари федерацияси (FINA) янги мавсум учун ўз тақвимини эълон қилди. Аҳамиятлиси, 2021 йил ўтказиладиган Ўзбекистон очиқ чемпионатининг савияси халқаро даражада ўз ўрнини мустаҳкамлади. Тақвимга кўра, 12-17 апрель кунлари пойтахтимиз сузиш бўйича Ўзбекистон очиқ чемпионатига мезбонлик қилади.
Биз учун янада эътиборли жиҳати шундаки, эндиликда ушбу мусобақа нафақат Токио-2020 Олимпия ўйинлари, балки жаҳон чемпионатлари учун ҳам саралаш босқичи вазифасини ўтаб беради. Унда белгиланган нормативни бажарган спортчилар Олимпия ўйинлари қаторида жорий йил Абу-Дабида кичик ҳавзада ўтадиган ва келаси Япониянинг Фукуока шаҳри мезбонлик қилувчи жаҳон чемпионатларида иштирок этиш ҳуқуқини ҳам қўлга киритишлари мумкин.
Манба: Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси