Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Оилавий турмуш масалаларига оид ўқув семинари бўлиб ўтмоқда
2021-01-05 | Жамият
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институтида “Хотин-қизларни турмушга, оилага, жамиятга тайёрлашнинг амалий-методологик асослари” мавзусида ўқув семинар-тренинги ўз ишини бошлади.
Олти кун мобайнида бўлиб ўтиши режалаштирилган мазкур семинар машғулотларида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчилари иштирок этади.
Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 2 сентябрдаги “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида” ҳамда “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонунлари қабул қилинган бўлиб, бу ҳуқуқий ҳужжатларда соғлом оилани шакллантириш ва уни муносиб муҳофаза қилиш борасида муҳим фикрлар билдириб ўтилган. Шунингдек, Аёллар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича Республика комиссияси йиғилишида ҳам мавзуга доир бир қатор тегишли вазифалар белгилаб берилган.
Семинар давомида мазкур вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда оила мустаҳкамлиги, оила манфаатларини ҳимоя қилиш, замонавий ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ва оиланинг маънавий, ахлоқий, иқтисодий хусусиятларини ёшлар орасида тўғри тарғиб этиш, оилада тинчлик ва тотувликни сақлаш, фарзанд тарбиясининг ўзига хос жиҳатлари бағишланган муҳим масалаларга алоҳида эътибор қаратилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги