Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Mountain bike” энди Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразмда ҳам ривожланади
2021-01-04 | Спорт
Сўнгги йилларда Олимпия ўйинлари дастурига киритилган экстремал спорт тури бўлмиш тоғ велосипеди, яъни “Mountain bike” Ўзбекистонда ҳам жадал ривожланиб бормоқда.
Спортнинг қишки ва мураккаб техник турлари бўйича Республика олий спорт маҳорати мактаби негизида “Mountain bike” бўлимининг очилиши эса ушбу спорт турининг нафақат аҳоли, балки ёшлар орасида ҳам оммалашишига хизмат қилади.
Яқинда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятларида велоспортнинг маутинбайк йўналишини оммалаштириш борасида муҳим қадам ташланди. Гап шундаки, 2021 йилдан Урганч шаҳрида жойлашган Хоразм вилояти Яккакураш спорт турлари бўйича ИБЎСМда велоспортнинг маутинбайк йўналишига ихтисослашган бўлим очилади. Янги бўлимнинг моддий техник базаси сифатида Гурлан тумани БЎСМга қарашли марказий ўйингоҳ танланди.
Шунингдек, Олимпия ва миллий спорт турлари бўйича Нукус олий спорт маҳорати мактабида ҳам велоспортнинг маутинбайк йўналиши бўйича бўлим очилди. Ушбу бўлим Спорт ўйинлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби базасида фаолият олиб боради.
Умид қиламизки, ушбу янги бўлимлардан тез орада маҳоратли спортчилар етишиб чиқади ва улар халқаро ареналарда Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилишади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги