Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Марказий сайлов комиссияси йиғилиши
2020-12-31 | Сайлов
30 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси Мирзо Улуғбек Абдусаломов барчани кириб келаётган Янги, 2021 йил байрами билан самимий табриклар экан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга навбатдаги Мурожаатномаси ҳам, ҳамиша бўлгани каби, халқимиз томонидан катта қизиқиш ва хайрихоҳлик билан кутиб олинганини алоҳида таъкидлади.
Мурожаатномада юртимизда якунланаётган йилда амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, 2021 йилда ва яқин истиқболда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишлари белгилаб берилди. 2021 йил Ўзбекистонда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб аталди.
Давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномасида 2021 йилда мамлакатимиз ва халқимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий воқеа — президент сайлови ўтказилиши ва Марказий сайлов комиссияси бўлажак сайловларни миллий қонунчилик ва умумъэтироф этилган халқаро демократик тамойиллар асосида юқори даражада ташкил этишга алоҳида эътибор қаратиши лозимлиги қайд этилди. Шу билан бирга, ўтган сайловларда орттирилган миллий тажриба ҳамда халқаро кузатувчилар томонидан берилган мақбул тавсияларни миллий сайлов қонунчилиги ва амалиётига татбиқ этиш ишларини давом эттириш зарурлигига эътибор қаратилди.
Тадбирда Мирзо Улуғбек Абдусаломов бўлажак сайловларни ҳар томонлама пухта ва қонун талаблари асосида ўтказиш, ушбу масъулиятли вазифага демократик талабларга мос тарзда, очиқ, ошкора ва ёруғ юз билан тайёрланишида барчага юксак муваффақият, мустаҳкам саломатлик ва хотиржамлик тилади.
“Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги йўлидаги хайрли ишларингизда улкан зафарлар, оилавий бахт ва омадлар ёр бўлсин, - деди Марказий сайлов комиссияси Раиси.
Манба: Марказий сайлов комиссияси