Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тартиб, интизом ва шахсий жавобгарлик ҳар бир ходимнинг қатъий қоидасига айланади
2020-12-30 | Иқтисодиёт
Давлат активларини бошқариш агентлигида кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Уни агентлик директори А. Ортиқов олиб борди.
Йиғилишда агентлик марказий аппарати, таркибий бўлинмалар ва ҳудудий бошқарма бошлиқлари иштирок этди.
Кун тартибидаги масалалар юзасидан амалга оширилган ишлар натижадорлиги танқидий-таҳлилий кўриб чиқилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 октябрдаги Фармони ва 28 октябрда ўтказилган кенгайтирилган видеоселектор йиғилишининг 85-сон баёни ижроси юзасидан марказий аппарат ва ҳудудий бошқармалар раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди.
Агентлик директори А. Ортиқов Президент Фармони ижросини бажаришда ҳудудларда йўл қўйилган қатор камчиликларни санаб ўтди. Жумладан, бўш турган объектлардан самарали фойдаланишда камчиликларга йўл қўйилган, паст рентабелли, фаолиятсиз корхоналарни тугатиш ишлари якунига етказилмаган, давлат мулки объектлари тўғрисидаги ҳисоботларни тизимга киритиш ишлари ўз ҳолига ташлаб қўйилган, хусусийлаштириш дастури доирасида давлат мулки объектлари ўз вақтида савдога чиқарилмаган, активларни хусусийлаштириш тушум прогнозлари тўлиқ бажарилмаган, жойларда ташкил этилган Корхоналарни соғломлаштириш ва хусусийлаштириш клиникаларига келган мурожаатларнинг айримлари электрон дастурга киритилмаган.
Шулардан келиб чиқиб, ўзига юклатилган вазифаларни бажармай, фаолиятида ўзи бўларчилик ва сансалорликка йўл қўйган агентликнинг Наманган, Андижон, Қашқадарё, Тошкент вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармалари раҳбарлари эгаллаб турган лавозимларига нолойиқ деб топилиб, вазифаларидан озод этилди. Агентликнинг Хоразм, Сурхондарё, Фарғона, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Бухоро вилоятлари ва Тошкент шаҳри ҳудудий бошқармалари раҳбарларига ишдаги камчиликлар учун ҳайфсан эълон қилинди.
Агентлик марказий аппаратининг бир нафар бошқарма бошлиғи эгаллаб турган лавозимидан озод этилди ва 6 та департамент бошлиғига ишдаги камчиликлари кўрсатиб ўтилиб, сўнгги маротаба огоҳлантирилди.
Барча раҳбарлар учун бир ой синов муддати белгиланди, ишда ўзгариш қилмаган раҳбар ва ходимлар эгаллаб турган лавозимидан озод этилиши белгилаб олинди.
Йиғилиш натижаси бўйича тизим олдида турган вазифалар юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тасдиқланди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги