Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Болаларга байрам совғалари улашилди
2020-12-25 | Жамият
Пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги 87-сонли имконияти чекланган болалар учун махсус ихтисослаштирилган ёрдамчи мактабда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 30 октябрдаги “Халқаро ногиронлар кунини муносиб ўтказиш тўғрисида”ги 1-сонли йиғилиш баёни ижросини таъминлаш ҳамда “Меҳр-мурувват ойлиги”ни муносиб ўтказиш мақсадида ташкил этилган мазкур хайрия кечасида вазирлик масъул ходимлари, таълим муассасаси ўқитувчилари, ўқувчилар, уларнинг ота-оналари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Маълумки, кейинги йилларда мамлакатимизда ногиронлиги бўлган болаларнинг сифатли таълим олишини йўлга қўйиш, ихтисослаштирилган ёрдамчи таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, таълим-тарбия жараёнида уларнинг руҳий функциялари ва саломатлигини тизимли равишда кузатилишини ташкил этиш мақсадида илғор педагогик услублар амалиётга татбиқ этилмоқда. Натижада бу каби ёрдамчи таълим муассасаларида таълим-тарбия сифати, педагог-тарбиячиларнинг касбий маҳорати тобора ортиб бормоқда.
Қолаверса, мамлакатимизда “Меҳр-мурувват ойлиги” доирасида амалга оширилаётган лойиҳалар, ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар ногиронлиги бўлган болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар ҳолидан хабар олиш каби эзгу саъй-ҳаракатларни янада жадаллаштиришга хизмат қилмоқда.
— Бугун мамлакатимизда ногиронлиги бўлган болалар учун тўсиқлардан ҳоли ва инклюзив муҳитни яратиш орқали уларнинг тўлиқ ва сифатли таълим олишини таъминлаш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда, — дейди Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Турғун Қирғизбоев. — Хусусан, янги қабул қилинган “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида ҳам давлат томонидан ногиронлиги бўлган болаларнинг бепул умумий ўрта, мактабдан ташқари, ўрта махсус ва профессионал таълим олиши кафолатланган. Албатта бундан кейин ҳам мамлакатимизда ногиронлиги бўлган болаларни жамиятимизнинг барча жабҳаларига қўшиш, улар ҳамма билан тенг бўлиши ва ўз ўринларини топиши учун шарт-шароитлар яратиш ишлари давом эттирилади.
Тадбир сўнггида таълим муассасаси ўқувчиларига вазирлик томонидан Янги йил байрами совғалари улашилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги