Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Миллатлараро муносабатлар ва хорижий давлатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси йил якунлари бўйича журналистларга ҳисобот берди
2020-12-25 | Жамият
Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий давлатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасининг 2020 йилдаги фаолияти ва 2021 йилдаги устувор вазифаларига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Анжуманда миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш, хорижий мамлакатлар билан маданий-маърифий алоқаларни кенгайтириш, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йуналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ушбу йўналишда белгиланган устувор вазифаларни амалга оширилиши юзасидан маълумотлар берилди.
Қўмита мамлакатимизда фаолият юритаётган 144 та миллий маданий марказ ва 38 та дўстлик жамияти билан фаол ҳамкорлик қилмоқда. Шундан 4 та миллий маданий марказ ва 2 та дўстлик жамияти жорий йилда ташкил этилди.
Ўтган даврда миллий маданий марказлар иштирокида қатор тадбирлар, анжуманлар ва халқаро конференциялар ташкил этилди. Хусусан, 9-16 ноябрь кунлари юртимизда «Маърифат ва миллатлараро бағрикенглик» шиори остида «Бағрикенглик ҳафталиги» ўтказилди.
Бундан ташқари Самарқанд шаҳрида «Нурафшон» дўстлик уйи, Юқоричирчиқ тумани «Гулистон» маҳалласи ҳудудида «Миллатлар дўстлиги» маданият саройи, Қуйичирчиқ тумани Дўстобод шаҳрида қайта таъмирланган «Авлиё Покровская» аёллар монастри, Чирчиқ шаҳрида қайта таъмирланган «Авлиё Георгий» эркаклар монастри, Чиноз тумани «Эшонобод» маҳалласи ҳудудида “Эшонобод” маданият саройи очилди.
Тадбирда қўмита «халқ дипломатияси» механизмидан фаол фойдаланган ҳолда тинч ва фаровон ҳаётни асраш, хорижий мамлакатлар билан дўстона муносабатлар ва маданий-маърифий алоқаларни ривожлантириш, чет элдаги ватандошлар билан яқин ва ўзаро манфаатли муносабатларни йўлга қўйишга салмоқли ҳисса қўшаётгани айтиб ўтилди.
Гуманитар, маданий, маърифий ва ахборот соҳаларида хорижий мамлакатлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида дўстлик жамиятлари томонидан Жанубий Корея, Россия, Қирғизистон, Мўғўлистон, Тожикистон, Қозоғистон, Хитой, Болгариядаги 21 та ҳамкор ташкилот билан меморандумлар имзоланди.
— Чет элдаги ватандошларимиз билан мунтазам алоқаларни ривожлантиряпмиз. Жумладан, жаҳоннинг 14 мамлакатида истиқомат қилаётган юртдошларимиз томонидан тузилган 27 та ташкилот, 8 та хорижий давлатдаги 13 та турдош ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди, — деди қўмита раиси Рустам Қурбонов. — Хориждаги ватандошлар билан келгусида амалга ошириладиган тадбирлар режасини ҳам ишлаб чиқдик. Жумладан, хорижда истиқомат қилаётган ватандошларимизнинг фарзандларини ёзги таътил даврида мамлакатимиз дам олиш масканларига жалб этиш, Ўзбекистоннинг зиёрат туризм салоҳиятини тарғиб қилиш бўйича ватандошлар имкониятларидан фойдаланиш каби лойиҳалар ишлаб чиқилди. Бундан ташқари яна бир асосий тадбиримиз бор. Бу «Сиз Ўзбекистонни биласиз?» онлайн-викторинасидир. Викторина тўрт босқичда амалга оширилади. Шунингдек, хориждаги дўстлик жамиятларининг модий-техник базасини мустаҳкамлаш, ватандошларни ҳар томонлама қўллаб қўвватлаш ва уларга ўзбек бадиий адабиётлари, миллий анъаналаримизни тарғиб этиш мақсадида миллий кийимларимиз етказиб берилиши режалаштирилмоқда.
Матбуот анжуманида журналистларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб берилди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги