Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Афв этилган шахсларнинг ижтимоий ҳаётга мослашувига кўмаклашиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолати муҳокама қилинди
2020-12-25 | Жамият
24 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди.
Унда Сенат аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Мажлисда афв этилган шахсларнинг ижтимоий ҳаётга мослашувига кўмаклашиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси ички ишлар, бандлик ва меҳнат муносабатлари ҳамда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирларининг ахборотлари эшитилди.
Таъкидланганидек, афв этилган шахсларнинг ижтимоий ҳаётга мослашувига кўмаклашиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилган. Жумладан, 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармонлари билан 512 нафар фуқаро афв этилган. Уларнинг 316 нафари жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган, 196 нафарининг жазо муддати қисқартирилган. Давлатимиз раҳбарининг фармонларига мувофиқ жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган 6 нафар чет эл фуқароси Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқариб юборилган.
Бундан ташқари, озод этилган 310 нафар фуқаронинг муаммолари ўрганилиб, уларнинг оила аъзолари билан индивидуал тарзда суҳбатлар ўтказилган. Натижада уларнинг 865 та муаммоси мавжудлиги аниқланиб, 310 нафар фуқаронинг 288 нафари ишга жойлашиши, 5 нафарига бола парваришлаш таътили берилиши, 13 нафар фуқарога ёшга доир нафақа, 4 нафарига ногиронлик нафақаси тайинланиши таъминланган.
Шу билан бирга, ўрганиш давомида ҳудудларда афв этилган шахсларнинг бир ҳудуддан иккинчи ҳудудга доимий яшаш учун кўчиб ўтганликлари маълум бўлгани, уларнинг янги кўчиб ўтган жойдаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва тегишли давлат идоралари томонидан ҳеч қандай назорат ўрнатилмаганлиги қайд этилди.
Бу ҳолатлар жазо муддатини ўтаб қайтган шахсларга амалдаги тартиб-қоидалар асосида ижтимоий-маиший шароит яратиш соҳасида тегишли ташкилотлар томонидан етарли даражада ишлар олиб борилмагандан далолат бериши таъкидланди.
Шунингдек, мажлисда афв этилганларнинг мурожаатлари тўлиқ ўз ечими топмаганлигига урғу берилди. Жумладан, афв этилганларнинг яшаш хонадони таъмирланиши, соғлиғини тиклаш ва моддий ёрдам кўрсатилиши каби муаммолар тиббиёт бирлашмалари, туман ҳокимликлари томонидан бартараф этилмаганлиги сенаторлар томонидан танқид қилинди.
Кўриб чиқилган масалалар юзасидан Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
ИИВ ЖИЭББ Ахборот хизмати
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги