Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Болажонлар академияда меҳмон бўлишди
2020-12-24 | Ёшлар
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 29 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини муносиб нишонлаш учун юртимиз бўйлаб ватанпарварлик ойлиги дастури асосида турли тадбирлар ўтказилмоқда. Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармасига қарашли «Баркамол авлод» болалар мактаблари тўгаракларининг икки юздан ортиқ аъзолари иштирокида Қуролли Кучлар академиясида очиқ эшиклар куни ташкиллаштирилди.
Ёш иқтидор эгалари академиянинг марказий биноси олдида ҳарбий оркестр ижросидаги куй садолари остида кутиб олинди. Марказий бинода болажонларга ҳамроҳлик қилган офицерлар томонидан Жалолиддин Мангуберди, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Аҳмад Фарғоний каби буюк аждодларимиз портретлари қаршисида ҳар бир тарихий шахснинг фаолияти ва ҳаёт йўлига қисқача тўхталиб ўтилди.
Шундан сўнг «Баркамол авлод» болалар мактабларининг тўгараги тарбияланувчилари ва устозлари академия мажлислар залида атоқли шоир, драматург, носир, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Асқад Мухтор таваллудининг 100 йиллигига бағишланган «Асқад Мухтор – қалблар таржимони» деб номланган хотира кечасида иштирок қилдилар. Тадбирда «Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзоси, Ўзбекистон халқ артисти Муножат Йўлчиева, «Гулистон» журнали бош муҳаррири Маматқул Ҳазратқулов, шоир Ахтамқул Карим ва бошқалар таниқли ёзувчининг ўзбек адабиётига қўшган бой мероси ҳақида тўхталиб ўтдилар. Сўзга чиққан шоир ва ёзувчилар, адабиётшунос олимлар адибнинг шеърлари, роман ҳамда қиссалари бугуни авлод тарбиясида муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.
– Асқад Мухтор собиқ иттифоқ тузуми ғоялари кенг тарғиб қилинаётган мураккаб бир пайтда ўзбек халқининг тарихи, маънавияти ва ўша давр муаммолари ҳақида қўрқмай ёза олган кам сонли адибларимиздан бири бўлган. 60-йилларда «Темур тузуклари»ни «Гулистон» журналида чоп эттиришдаги фаоллигини ҳақиқий қаҳрамонлик, дейишимиз мумкин. Бундан ташқари унинг шеърларида очиқчасига совет тузуми ғояларига қарши чиқишларни кузатиш мумкин, – деб эслайди адибнинг шогирдларидан бири бўлган Маматқул Ҳазратқулов.
Очиқ эшиқлар куни давомида ўқувчилар академия тарихи музейи, ахборот-ресурс маркази, курсантлар ётоқхоналари, зирҳли жанговар машиналар тренажёр комплекси, спорт зали ва ўқув синфларидаги шароитлар билан яқиндан танишдилар.
Ўз навбатида ўқувчилар ўзлари тайёрлаб келган байрам туҳфаларини намойиш этишди. Тасвирий санъат, халқ ҳунармандчилиги, каштачилик, безакчилик каби болалар ижодига мансуб намуналар кўргазмаси ташкил этилди. Тўгаракнинг бадиий жамоаси аъзолари эса йиғилганлар эътиборига ранг-баранг репертуарлардан ташкил топган концерт дастурини намойиш этишди. Тадбир якунида Қуролли Кучлар академияси курсантлари ва болажонлар биргаликда эсдалик учун расмга тушдилар.
Асрор РЎЗИБОЕВ, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги