Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Болалар ва уларнинг оилаларига ижтимоий ёрдам бериш бўйича ҳамкорлик давом этади
2020-12-23 | Жамият
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва ЮНИСЕФ ҳамкорликда “Қуролли можаро ҳудудларидан қайтган болаларни, меҳнат муҳожирларининг фарзандларини ҳамда ёпиқ турдаги ихтисослашган ўқув-тарбия муассасаларини тарк этаётган болаларни COVID-19дан кейин қўллаб-қувватлаш ва уларни оилалари ва ҳамжамиятларига қайта киритиш” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда БМТнинг COVID-19га нисбатан жавоб ва қайта тиклаш чоралари бўйича кўп шериклик траст фонди томонидан молиялаштирилган қўшма лойиҳани амалга ошириш атрофлича муҳокама қилинди.
Таъкидлаш лозимки, мазкур лойиҳа ихтисослаштирилган таълим-тарбия муассасаларини тарк этаётган, шунингдек, қуролли можаро ҳудудларидан Ўзбекистонга қайтариб олиб келинган юзлаб болалар ва ёшларни COVID-19 оқибатларини енгишда қўллаб-қувватлашга қаратилган.
— Зарур ижтимоий ҳимоя чоралари муваффақиятли қайта интеграциялашнинг муҳим қисмидир, — дейди ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбарининг ўринбосари Жоффри Ижумба. — Улар болалар учун муҳим муҳофазани таъминлайди ва ёпиқ муассасаларни тарк этган болалар фаровонлиги, ривожланиши ҳамда ҳимояси билан боғлиқ хавфларни камайтиради.
— ЮНИСЕФ билан ҳамкорликда ихтисослашган ўқув-тарбия муассасаларини тарк этган, шунингдек, қуролли можаро ҳудудларидан ватанига қайтарилган болалар реинтеграцияси борасида яхши натижаларга эришдик, — дейди Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Гулнора Маруфова. — Ҳамкорлигимиз ҳар бир бола учун реинтеграция режаларини тузиш, болалар ва уларнинг оилаларига ижтимоий ёрдам беришда бизга кўмаклашмоқда. Ўйлайманки, бундан кейин ҳам ҳар бир аёлга, ҳар бир болага тинч ва фаровон мамлакатда бахтли яшашига ёрдам бериш бўйича ҳамкорлигимиз муваффаиятли давом этади.
Шунингдек, давра суҳбати давомида миллий ва халқаро экспертлар кейс менежмент стандартларини қабул қилиш ва улардан фойдаланишда идоралараро ёрдамни таъминлаш масалаларини атрофлича муҳокама қилдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги