Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Таълим муассасаси – оила – маҳалла” ҳамкорлик тизими доирасида
2020-12-22 | Жамият
Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан Нукус шаҳридаги 37-умумтаълим мактабида “таълим муассасаси – оила – маҳалла” ҳамкорлиги доирасида ўсмир йигит-қизлар ўртасида жиноятчиликни олдини олиш ва уларни касб-ҳунар эгаллашларига кўмаклашиш борасидаги ишларни янада кучайтиришга бағишланган тарғибот-ташвиқот тадбири ўтказилди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Нукус шаҳар бўлими бошлиғининг кексалар ва фахрийларни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий фаоллигини ошириш бўйича ўринбосари, Нукус шаҳар “Халқлар дўстлиги” ҳамда «Ғарезсизлик» маҳалла фуқаролар йиғини ходимлари, Қорақалпоғистон Республикаси Мусулмонлар идораси ва шаҳар ички ишлар бўлими вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар ўсмирлар ўртасида содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар ва уларнинг олдини олиш, пиротехника воситаларидан ўзбошимчалик билан фойдаланишнинг салбий оқибатлари ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Шундан сўнг тарбиявий аҳамиятга эга “Охирги бекат” номли видеоролик намойиш этилди.
Йиғилишда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг Бандликка кўмаклашиш, тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Марям Абдукаримова “Ёшларнинг дунёқараши ва маънавиятини юксалтиришда маҳалланинг ўрни” мавзусидаги маърузаси билан иштирок этди.
Тадбир якунида ўқувчиларнинг саволларига мутахассислар томонидан атрофлича жавоблар берилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги