Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
26-27 декабрь кунлари давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари ўртасида «Ўзбек полвони» мусобақаси ўтказилади
2020-12-22 | Спорт
Ўзбекистон Президентининг «Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида жорий йил 26-27 декабрь кунлари давлат органлари, муассасалари ва ташкилотлари ходимлари ўртасида «Ўзбек полвони» мусобақаси ўтказилади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ўзбекистон жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон кураш федерацияси ва қатор ташкилотлар ҳамкорлигида Тошкент молия институти спорт мажмуасида бўлиб ўтадиган мусобақани ташкил этишдан кўзланган мақсад давлат органлари, муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг жисмоний ривожланишини такомиллаштириш, оммавий спортга, миллий спорт тури - курашга бўлган қизиқишини ошириш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, курашни умумхалқ спорти сифатида кенг тарғиб этишдан иборат.
Мусобақада республика давлат органлари, муассасалари ва ташкилотлари ходимларидан ташкил топган эркаклар ва аёллар жамоалари баҳс олиб боради. Хусусан, эркаклар жамоалари 4 та – 66 кг, 81 кг, 90 кг, +90 кг вазн тоифаларида ва аёллар 3 та – 57 кг, 63 кг, + 63 кг вазн тоифаларида беллашади.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги