Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан хорижий ва маҳаллий ОАВ вакиллари ҳамда блогерлар иштирокида пресс-тур ўтказилди
2020-12-22 | Жамият
Пресс-тур давомида иштирокчилар Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги раҳбарияти ҳамда Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA)нинг Ўзбекистондаги офиси томонидан имзонланган меморандумга мувофиқ “Сирдарё вилоятидаги аҳолининг заиф қатламини қўллаб-қувватлаш дастури”лойиҳаси доирасида Оқолтин туманидаги “Шодлик”, Сардоба туманидаги “Бирлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда Мирзаобод туманидаги “Деҳқонобод” маҳалласи ҳудудида жойлашган Маданият маркази биносида ташкил этилган “Маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш масканлари” фаолияти билан яқиндан танишишди.
Мазкур ўқув марказларнинг очилиш маросимида Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазири Раҳмат Маматов, Корея Халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) директори Пак Сунжин иштирок этиб, марказларнинг бугунги кундаги аҳамияти ҳамда у ерда ўз билими ва малакасини оширган юртдошларимиз ҳаётидаги ўрни ҳақида ўз фикрларини билдирдилар.
Жумладан, вазир Р.Маматов ўз сўзида бугун мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий заиф қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёшлар ва аёллар бандлигини таъминлаш, уларни меҳнат бозоридаги талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга ўргатиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилаётгани, KOICA билан ҳамкорлик доирасида ташкил этилган ушбу марказлар эса ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилишини таъкидлади.
Шунингдек, тадбирда Корея Халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) директори Пак Сунжин сўзга чиқиб, кейинги йилларда мамлакатларимиз ўртасида турли соҳалардаги ҳамкорлик алоқалари тобора мустаҳкамланиб бораётгани, айниқса, юртимизда ишсиз фуқароларни касбга ўқитиш, қайта ўқитиш ва улар бандлигини таъминлаш борасида ҳамкорликда амалга оширилаётган турли лойиҳалар юксак самаралар бераётгани, жумладан, Оқолтин,Сардоба ва Мирзаобод туманлари ташкил этилган “Маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш масканлари” аҳолининг кўмакка муҳтож қатламларини ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилганини айтиб ўтди.
Шундан сўнг, вазир Р.Маматов ва Корея Халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) директори Пак Сунжин “daryo.uz”, “human.uz”, “kun.uz, “uza.uz”каби интернет сайтлари, “Янги Ўзбекистон”, “Халқ сўзи” газеталари, “Ўзбекистон-24”, “Mahalla”, “Оилавий”, “Менинг юртим”, “Zo‘r-TV” телеканаллари ҳамда “Fars news” (Эрон), “TRT”телерадиокомпанияси (Туркия), “Sputnik” (Россия) каби бир қатор маҳаллий ва чет эллик ОАВ ходимларининг барча саволларига атрофлича жавоб бердилар.
Қолаверса, журналист ҳамда блогерлар марказларда ҳунар ўрганаётган, компьютер саводхонлигиги бўйича ўз билимини ошираётган ёшлар билан суҳбатлашиб, пресс-тур ҳақида таассуротлари билан ўртоқлашдилар.
Жумладан, “Fars news” (Эрон) агентлиги ходими Шерали Авезметов бугун Ўзбекистонда аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, уларнинг яхши яшаши учун зарур шароитлар яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар кўлами кенг эканини айтиб, бу эзгу ва хайрли ишларни халқаро миқёсда ҳам тарғиб этиш кераклигини таъкидлади.
Маълумот ўрнида айтиш лозимки, Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазирлиги ҳамда Корея Халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) ҳамкорлиги доирасида фаолият бошлаган мазкур 3 та ўқув маркази ёрдамида ҳудуддаги 200 нафарга яқин аёллар ва ёшларни бир вақтнинг ўзида пазандачилик, компьютер саводхонлиги мутахассисликлари бўйича ўқитиш кўзда тутилган.
Пресс-тур давомида ҳудудларда яшовчи эҳтиёжманд оилаларга бир неча турдаги зарур ижтимоий аҳамиятга эга воситалар тарқатилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги