Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ватанпарварлик тадбири мингдан ортиқ аҳоли ва ёшларни бир жойга жамлади
2020-12-21 | Ёшлар
Юртимизда халқ ва армия якдиллиги тобора мустаҳкамланмоқда. Ҳар йили анъанавий тарзда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларга ҳарбий техникалар ва қурол-аслаҳалар кўргазмасини намойиш этиш орқали миллий армиямиз куч-қудрати ҳақида тасаввурларини бойитишга алоҳида эътибор қаратилади.
Бу эртамиз давомчиларида ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шу мазмундаги навбатдаги акция Марказий ҳарбий округ тасарруфидаги Самарқанд гарнизонида жойлашган ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари, мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Самарқанд вилоят Кенгаши ҳамда Оқдарё туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда “Ким Ватанга содиқ бўлса, мендирман ўша” шиори остида ташкил этилди.
Оқдарё туман марказида ташкил этилган тадбир мингдан ортиқ аҳоли ва ёшларни бир жойга жамлади.
Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган мазкур тадбирда ҳарбий қисм қўмондонлиги ва туман ҳокимлиги вакиллари сўзга чиқди. Шундан сўнг ҳарбий округ Маънавият ва маърифат марказининг ҳарбий оркестри томонидан Ватанга муҳаббатни акс эттирувчи куй ва қўшиқлар ижро этилди. Ўқувчи ёшларга ҳарбий хизматчилар томонидан саҳналаштирилган Жалолиддин Мангуберди образи кўрсатилди.
Ҳарбий хизматчиларнинг қўл жанги бўйича кўргазмали чиқишлари тадбир иштирокчиларида катта таассурот уйғотди.
Ўтказилган тадбирда қурол-яроғлар ва ҳарбий техникалар намойиши билан ўқувчилар яқиндан танишдилар. Амалга оширилаётган бундай тадбирлар тинчликни асраш, она Ватанни ҳимоя қилишда ҳар бир инсон масъул эканлигини даъват этишга қаратилгандир. Бундай ватанпарварлик руҳидаги тадбирлар вилоят бўйлаб давом этмоқда.
Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги