Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) томонидан амалга оширилаётган “Пахтачилик саноатини барқарор ривожлантириш ва қўшимча қийматни ошириш" глобал лойиҳаси доирасида Самарқанд шаҳрида ер ресурсларини бошқариш, тупроқни таҳлил қилиш ва пахта етиштиришда алмашлаб экиш мавзулари бўйича амалий ўқув семинари бўлиб ўтди.
Ушбу семинарда Самарқанд ва Навоий вилоятларидан келган тупроқшунослар, агрономлар ва пахта-тўқимачилик кластерлари мутахассислари қатнашишди.
Машғулотларни профессор Ҳабибжон Кушиев ва Гулистон давлат университети ўсимлик ва тупроқ лабораторияси мутахассислари олиб боришди. Профессор Кушиев тупроқ унумдорлигини оширишнинг асосий усуллари: ерни экишга тайёрлаш, тупроқ таҳлилларини ўтказиш ва пахтачиликда алмашлаб экиш бўйича маълумотлар бериб, семинар қатнашчилари билан муҳокамалар олиб борди. Бундан ташқари, иштирокчиларга тупроққа мунтазам равишда ишлов беришнинг муҳимлиги, шу жумладан ўғитлаш ва шўрланиш ҳақида ҳам билим ва кўникмалар берилди.
Тренингнинг иккинчи қисми лойиҳа доирасида сотиб олинган тупроқ ва сув таҳлиллари учун кўчма ускуналар намойиш этилди ва уларни амалиётда қўллаш бўйича тавсиялар берилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги