Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Аёллар дафтари”даги хотин-қизлар учун маслаҳат дарслари
2020-12-21 | Жамият
Мирзо Улуғбек туманида мавжуд 54 та фуқаролар йиғинларида “Аёллар дафтари”ни юритиш бўйича тузилган ишчи гуруҳлар томонидан аёллар билан мулоқотлар ўтказилмоқда.
Анкета-сўровномалари асосида уларнинг муаммолари аниқланиб, манзилли ва мақсадли ишлар амалга оширилмоқда.
Жорий йилнинг 17-18 декабрь кунлари тумандаги 275-умумий ўрта таълим мактабида “Аёллар маслаҳат кенгаши” учун ташкил қилинган масканда “Аёллар дафтари”га киритилган аёллар учун малакали психологлар ва мутахассислар томонидан психологик тренинглар ташкил қилинди. Ёш фарзандлари билан биргаликда ўз муаммолари юзасидан маслаҳат олишга келган аёлларнинг болалари, улар учун ўйинчоқлар ва турли ўйинлар билан махсус жихозланган хонада ўз вақтларини мазмунли ўтказишди.
Шунингдек, тумандаги кўп тармоқли марказий поликлиника, оилавий поликлиника ва оилавий шифокорлик пунктларида “Аёллар маслаҳатхонаси”, “Қизлар саломатлиги маркази”, “Пренатал скрининг хонаси” тузилмалари хизмати ташкил этилиб, тажрибали врачлар томонидан хотин-қизларнинг мурожатлари бўйича маслаҳатлар бериш ва кўрикдан ўтказиш ишлари амалга оширилмоқда.
Суд, прокуратура, ички ишлар органлари ходимлари томонидан маҳаллаларда “Аёллар дафтари”га киритилган муаммолари мавжуд хотин-қизларга, шунингдек, тадбиркор аёлларга ҳуқуқий маслаҳатлар бериб бориш тизими жорий этилди.
Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги ва маҳаллалар томонидан “Аёллар дафтари” бўйича ишлашда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ҳамда муаммоларини ҳал этишда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, суд, прокуратура, ички ишлар органлари, аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази, спорт бўлими, адлия ва ФҲДЁ бўлими ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлар билан ҳамкорликда аёлларни касб-ҳунарга ўқитиш, ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, психологик суҳбатлар ўтказиш, тиббий маслаҳатлар бериш, спорт билан шуғулланишини йўлга қўйиш ишлари ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги