Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тилга эътиборни ўзимиздан бошладик
2020-12-20 | Маданият
Мамлакатимизда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақоми ва нуфузини ошириш борасида ҳар бир соҳада ниҳоятда муҳим ўзгаришлар, янгиланишлар амалга оширилмоқда.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимида ҳам ушбу йўналишда жадал ислоҳотлар йўлга қўйилиб, тизимда ҳужжат алмашинув ишлари тўлиқ давлат тилида олиб борилмоқда. Вазирликка қарашли барча ҳудудий бош бошқармалар ва тасарруфий ташкилотларнинг пешлавҳалари, бинонинг ички ва ташқи ёзувлари тўлиқ лотин алифбосида бўлиши, ижтимоий тармоқлардаги барча саҳифалар, интернет сайтларида ҳам давлат тилидаги қонун ҳужжатларига амал қилиниши таъминланмоқда.
Кўпгина халқаро ташкилотлар, хусусан, Халқаро меҳнат ташкилоти ва Ташқи миграция агентликлари билан бевосита ҳамкорликда фаолият кўрсатиши боис бу йўналишлардаги ишлар халқаро меъёрларда белгиланган тартиб асосида олиб борилиши йўлга қўйилган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони ҳамда 2020 йилнинг 20 октябридаги "Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида вазирлик марказий аппарати ходимлари Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузурида ташкил этилган Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказининг малакали мутахассислари томонидан билим ва кўникмаларини оширдилар.
Куни кеча Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида малакасини оширган ходимлар учун сертификатлар топшириш маросими бўлиб ўтди. Унда вазирликнинг раҳбар ва ходимлари, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузурида ташкил этилган Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказининг профессор, ўқитувчилари, матбуот ва ОАВлари вакиллари иштирок этдилар. Ходимларнинг фаолияти давомида давлат тилида иш юритиш борасида билим ва кўникмаларини оширишга муносиб ҳисса қўшган устозларга вазирликнинг ташаккурномаси тақдим этилди. Давлат тилида иш юритиш борасида ўз малакаларини оширган ходимларни Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузурида ташкил этилган Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази раҳбари, филология фанлари дотсенти И. Азимов табриклади ва келгусида тизимда давлат тилида иш юритиш муҳим сиёсий жараён сифатида доимий эътиборда эканлигини ҳамда тилимизни эъзозлаш, унинг давлат тили сифатидаги мақоми, жамиятдаги мавқеини юксалтириш, ёш авлодни она тилига ҳурмат руҳида тарбиялаш ҳамиша долзарб вазифамиз бўлиб қолишини алоҳида таъкидлади.
Ферзуа ОРИПОВА,
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги масъул ходими
Манба: «Янги Ўзбекистон»