Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Хоразм вилоятини жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг янги механизмларини жорий этиш бўйича вазифалар белгилаб олинди
2020-12-20 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 17 декабрь куни Урганч шаҳридаги студиядан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С. Умурзаков раҳбарлигида вазирликлар, идоралар, тармоқ бирлашмалари, акциядорлик жамиятлари, тижорат банклари, маҳаллий ҳокимликлар раҳбарларини жалб қилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 12 ва 13 декабрь кунлари Хоразм вилоятига амалга оширилган ташриф чоғида ҳудудни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича берилган кўрсатмаларининг ижросини ташкил этиш чора-тадбирларини ишлаб чиқишга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Йиғилиш давомида қишлоқ хўжалиги, саноат ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, қамбағалликни қисқартириш, инфратузилма ҳолатини ҳамда маҳаллалардаги ижтимоий шарт-шароитларни яхшилаш бўйича белгиланган вазифаларни сифатли ва ўз вақтида бажариш масалалари кўриб чиқилди.
Ушбу соҳаларда келгусидаги ишларни самарали мувофиқлаштириш учун вилоятнинг ҳар бир туман ва шаҳрига тегишли равишда вазирлик, тармоқ бирлашмаси ва тижорат банки вакили бўлган учта масъул раҳбарлардан иборат кичик гуруҳ бириктириш механизми яратилди. Раҳбарлари муайян туман ёки шаҳарга бириктирилган муассасаларнинг ходимлари ўз навбатида унинг ҳудудида жойлашган маҳаллаларга бириктириладилар.
Мутасадди раҳбар ва ходимларнинг биринчи даражали вазифаси этиб аҳолини электр энергияси, газ, ичимлик суви, ижтимоий хизмат ва иш билан таъминлаш билан боғлиқ муаммоларни аниқлаш, уларни ҳал этиш бўйича амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш мақсадида бевосита маҳаллаларда ишлаш белгиланди. Жойлардаги вазият таҳлили маҳаллий ҳокимликлар ва маҳаллалар раҳбарлари ўртасидаги бевосита ҳамкорлик қилиш асосида амалга оширилиши лозимлиги таъкидланди.
Учрашув давомида кам таъминланган фуқаролар, ногиронлар, карантин чекловлари туфайли ишсиз қолган фуқаролар, хусусан, чет элда ишлаётган аёллар, ёшлар вакиллари ва ватандошлар орасидан ишга жойлашишда кўмакка муҳтож шахсларнинг манзилли рўйхатларини зудлик билан тузиш топширилди. Янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳисобига ушбу тоифадаги фуқароларни ишга жойлаштириш йўли билан ўртача даромад топиш даражасига чиқаришдан иборат вазифа қўйилди.
Бунинг учун мутасадди раҳбарларга вилоятнинг ҳар бир туман ва шаҳрида ишлаб чиқилган, ҳудуднинг инвестициявий ва иқтисодий имкониятлардан максимал даражада фойдаланишга йўналтирилган йирик ва ўрта инвестициявий лойиҳалар амалий ижросини жадаллаштириш, ташаббускорлар ва молиялаштириш манбаларини аниқлаш вазифаси юклатилди. Шу ўринда, амалга оширилаётган лойиҳаларнинг ўзига хос жиҳатлари маҳалланинг иқтисодий ихтисослашувига мос келиши лозимлиги таъкидланди.
Бундан ташқари, корхоналар ва маҳаллий аҳоли ўртасидаги кооперацияни ривожлантириш ҳамда маҳаллаларнинг иқтисодий ва саноат салоҳиятидан келиб чиқиб касаначиликни ташкил этиш йўналишидаги ишларни йўлга қўйиш юзасидан кўрсатмалар берилди.
Вилоятда қурилиш ва инфратузилма соҳасида алоҳида вазифалар белгиланди – 2021 йил охирига қадар 100та замонавий энергия тежайдиган 5 қаватли уйлар қуриш, ичимлик суви билан таъминлаш даражасини 86%га, мактабгача таълим муассасалари билан қамраб олиш даражасини эса 77% га етказиш режалаштирилди. Шунингдек, тезюрар автобуслар учун алоҳида қатнов қисмларини жорий этиш асосида транспорт тизимининг янги моделини яратиш ҳамда вилоятда қуввати 200 МВтгача бўлган қуёш электр станциясини қуриш ишлари амалга оширилади.
Тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ва янгиларини яратиш ҳамда тадбиркорликни рағбатлантириш чора-тадбирларига ҳамда 12,5 минг ёшлар ва чет элда меҳнат қилаётган 18,6 минг юртдошларимизга бизнес юритиш асосларини ўргатиш бўйича вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Ушбу кўрсатмалар ижросининг мониторингини таъминлаш мақсадида бир қатор вазирлик, идора ва тармоқ бирлашмалари раҳбарларидан иборат Республика штаби ташкил этилди. Унинг вазифалари туман ва шаҳарларга бириктирилган раҳбарлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва белгиланган топшириқлар амалга оширишнинг самарали алгоритмларини ишлаб чиқишдан иборат.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги