Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Маъмурий тартиб-таомилларни такомиллаштириш билан боғлиқ ислоҳотлар жамиятга нима беради?
2020-12-19 | Жамият
Мамлакатимизда янги ҳуқуқ институти сифатида шаклланиб бораётган маъмурий тартиб-таомилларни тўлиқ қамраб оладиган ягона ҳужжат “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонуннинг янги лойиҳасини ишлаб чиқиш лозим.
Президентимизнинг 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонида жамиятимизнинг барча соҳаларини либераллаштириш, давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш, халқимизнинг турмуши фаровонлигини ошириш билан боғлиқ муҳим чора-тадбирлар белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Русланбек ДАВЛЕТОВ билан суҳбатимиз вазирлик тизимида мазкур йўналишда белгиланган вазифалар, 2020 йилги давлат дастури ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, эришилаётган натижалар, истиқболдаги вазифаларга бағишланди.
— Давлат бошқаруви тизими самарадорлигини ошириш бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналишига айланди. Адлия вазирлигининг бу борада фаолияти қандай натижа бермоқда?
— Давлат бошқарувининг тегишли соҳаларида маъмурий ислоҳотларни муваффақиятли амалга оширишга салбий таъсир ўтказаётган тизимли муаммо ва камчиликларни таҳлил қилиш ва уларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш Адлия вазирлигининг асосий функцияларидан бири. Сўнгги икки йилда вазирлик томонидан ушбу йўналишда бир қатор ишлар амалга оширилди.
Хусусан, 50 та давлат бошқарув органлари фаолияти таҳлил этилди. Мисол учун, йўл хўжалиги, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, ўрмон хўжалиги, туризм, табиатни муҳофаза қилиш, давлат-хусусий шериклик ва фармацевтика соҳасида давлат бошқарувининг самарадорлиги ўрганилди ва аниқланган тизимли муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиб, тегишли органларга тақдим этилди. Ўрганишлар натижасида 25 та давлат бошқарув органлари фаолиятида жами 48 та ўзаро такрорланувчи функциялар мавжудлиги, 36 та давлат бошқарув органлари томонидан хўжалик субъектларининг 50 та функцияси қўшиб олиб борилиши соғлом рақобат муҳитига тўсқинлик қилиши аниқланди.
Ушбу муаммоларни бартараф этиш мақсадида 28 та хўжалик бошқарув органларининг тартибга солиш функцияларини тегишли давлат органларига уларнинг хусусиятларини инобатга олган ҳолда ўтказиш ва хўжалик бошқарув органларига тақдим этилган. “Рақобат тўғрисида”ги қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган барча индивидуал имтиёз ва преференцияларни бекор қилиш нуқтаи назардан таҳлил ўтказилди. Таҳлил натижасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Иқтисодиётнинг алоҳида тармоқ ва соҳаларини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштиришнинг биринчи навбатдаги чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди. Шунингдек, вазирлик томонидан тадбиркорлик субъектларига имтиёз ва преференциялар тақдим этиш амалиёти ва уларнинг натижадорлиги таҳлил қилинди.
Давлат бошқаруви тизимини бюрократиядан холи қилиш ва фуқароларга янада енгиллик яратиш мақсадида вазирлик ташаббуси билан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Бюрократик тўсиқларни янада қисқартириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарор билан 2020 йил 1 январдан бошлаб давлат органлари ва ташкилотлари фуқаролардан 28 турдаги ҳужжатларни талаб қилиши ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан уларни бериш амалиёти бекор қилинди. Ҳокимликлар фаолиятига хос бўлмаган 11 та функция тегишли давлат бошқаруви органларига ўтказилди, фаолияти самарасиз деб топилган 29 та идоралараро коллегиал органлар тугатилди.
Эътиборлиси шуки, юқорида қайд этилган қарор билан давлат органларида самарасиз йиғилишларни ўтказиш амалиёти бекор қилинди. Шунингдек, қоғозбозликни бартараф этиш мақсадида 2021 йил 1 январдан давлат органларида ҳужжат айланиши ва ҳисоботларни юритиш фақат электрон кўринишда шакллантирилиши ва амалга оширилиши белгилаб қўйилди.
Давлатнинг иқтисодиётдаги иштироки даражасини янада қисқартириш бўйича ўтказилган таҳлил натижасига кўра, хусусий сектор самарали фаолият юритаётган соҳаларда давлат корхоналарини тугатиш ва уларни ташкил этишни чеклаш, шунингдек, уларга берилган солиқ ва бошқа имтиёзларни қайта кўриб чиқиш масаласида таклифлар ишлаб чиқилиб, тегишли органларга тақдим этилди.
Ҳокимликлар фаолиятига хос бўлмаган функцияларни чиқариб ташлаш мақсадида ўтказилган таҳлилга асосан, ҳокимларнинг бошқа давлат органлари функцияларини такрорловчи 70 та фаолият йўналишлари рўйхати шакллантирилди. Ҳокимликлар фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида вазирлик томонидан “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси ишлаб чиқилди. Унда ҳокимлар фаолиятининг асосий йўналишлари, уларнинг фаолиятини баҳолаш тартиби, бошқа давлат органлари билан ҳамкорлик қилиш масалалари қамраб олинган.
Шунингдек, вазирлик томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш ва давлат органлари фаолиятига замонавий бошқарув усулларини жорий қилиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор лойиҳаси ишлаб чиқилди. Лойиҳада республика даражасидаги давлат бошқарув органларининг шаклларини белгилаш, давлат бошқарув органларига хўжалик функцияларини бериш амалиётини тақиқлаш, айрим турдаги давлат функцияларини хусусий секторга, шу жумладан, нодавлат нотижорат ташкилотларига ўтказиш бўйича таклифлар назарда тутилган. Лойиҳада, шунингдек, давлат хизматчилари фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг мезонлари ва услублари ҳамда самарадорликнинг муҳим кўрсаткичларини (KPI) босқичма-босқич жорий қилиш ва меҳнатга ҳақ тўлашнинг замонавий тизимини яратиш бўйича таклифлар ўрин олган.
— Маъмурий тартиб-таомиллар соҳасини илғор хорижий тажриба ва замонавий ривожланиш тенденциялари асосида мунтазам равишда такомиллаштириб бориш бугунги куннинг муҳим вазифаси. Бу йўналишдаги ислоҳотлар жамиятга нима беради?
— Бу соҳадаги ислоҳотлар фуқароларни ортиқча оворагарчиликлардан халос қилиш, уларни қийнаётган муаммоларга чек қўйиб, ишларини тезроқ битиришга ёрдам беради. Фуқароларнинг давлатга ва давлат органларига бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга эришилади. Шу боис, бу соҳадаги ишларни замон талаби даражасига олиб чиқиш устувор вазифа. Бироқ, афсуски, “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонун кучга кирганига икки йил бўлганига қарамай, ҳанузгача бу борада кутилган натижаларга эриша олмаяпмиз. Бунга маъмурий органлар ходимларининг қонундан етарли даражада хабардор эмаслиги, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракати ва қарорларидан норози бўлган фуқароларнинг даъволари бўйича иш кўришда маъмурий судлар томонидан айнан “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонуннинг қўлланилмаслиги сабаб бўлмоқда. Мисол учун, биргина 2019 йилда маъмурий судлар томонидан оммавий-ҳуқуқий масала бўйича қарийб тўрт мингта низо кўриб чиқилган бўлса-да, улар томонидан маъмурий қарорлар ва ҳаракатларнинг атиги 24 таси “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонунга асосланиб ҳақиқий эмас, деб топилган. Айнан шунинг учун ҳам маъмурий судларнинг фақат маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилиши ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилганлиги айни муддао бўлди.
Яна бир муаммо, ҳалигача масъул ташкилотлар томонидан лицензия ва рухсатнома бериш, давлат рўйхатидан ўтказишга оид шу каби қонун ҳужжатларини “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонунга мувофиқлаштириш чоралари кўрилмаган ҳолатлар учрайди. Ушбу қонунни республикадаги барча маъмурий тартиб-таомилларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг асосий фундаментига айлантириш лозим.
Қонуннинг ишлаб кетишига тўсиқ бўлган омиллардан яна бири — унинг мураккаб эканлиги, яъни халқчил тилда баён қилинмаганидир. Шундай экан, маъмурий тартиб-таомилларни тўлиқ тартибга солувчи ва бу борада сўзсиз фундаментал асос бўлувчи мукаммал ва халқчил норматив-ҳуқуқий асосни яратмасдан туриб, бу соҳани жамият ҳаётига сингдириш жуда мушкул масала ҳисобланади. Демак, бу соҳада олиб борилаётган энг муҳим ислоҳотлардан бири — мамлакатимизда янги ҳуқуқ институти сифатида шаклланиб бораётган маъмурий тартиб-таомилларни тўлиқ қамраб оладиган ягона ҳужжат “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонуннинг янги лойиҳасини ишлаб чиқиш.
— Аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, фуқароларга малакали юридик ёрдам кўрсатиш борасида адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада ривожлантириш, шунингдек, соҳага рақамли технологияларни кенг жорий қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.
— Сўнгги йилларда малакали юридик ёрдам ва ҳуқуқий хизмат кўрсатиш соҳасида бир қанча ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, янги қабул қилинган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини тушунтириш бўйича адлия органлари томонидан 520 мингга яқин ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилди. Қабул қилинган ҳар бир муҳим қонун ҳужжати бўйича тарғибот материаллари тўплами тайёрланиб, соҳага масъул бўлган вазирлик ва идораларга ҳамда ҳудудларга юбориш амалиёти жорий қилинди.
Ҳуқуқий тарғиботда янги лойиҳалар амалга оширилмоқда. Интернет тармоғида аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги ва маданиятини оширишга қаратилган, моддий аҳволидан қатъи назар, барча аҳоли қатламларини бепул ҳуқуқий маслаҳат билан таъминлашни назарда тутувчи бешта ҳуқуқий портал ишлаб чиқилди. Умуман, замонавий ахборот технологиялари, ижтимоий тармоқлар имкониятидан фойдаланиш бир неча ўн баробарга кенгайтирилди. Масалан, вазирликнинг “Ҳуқуқий ахборот” телеграм канали фаолияти янада такомиллаштирилди. Аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш мақсадида “Мадад” ташкилоти ва унинг ҳудудий бюролари ташкил қилинди. Шу билан бирга, фуқароларга сайёр ҳуқуқий маслаҳат бериш тизими йўлга қўйилди. Вазирлик раҳбарияти томонидан бевосита ҳудудларга чиққан ҳолда ўтказилган 40 дан ортиқ сайёр қабуллар жараёнида жами 3 799 нафар жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари қабул қилинди.
ФҲДЁ архивларида сақланаётган қоғоз шаклидаги 60 миллиондан ортиқ архив маълумотларининг 85 фоизи рақамлаштирилди. Бундан ташқари, туғилиш билан боғлиқ бўлган 5 турдаги давлат хизматларини ФҲДЁ органи орқали туркум (композит) тарзда кўрсатиш тартиби жорий этилиб, бир вақтнинг ўзида туғилишни қайд этиш, болани поликлиникада рўйхатга қўйиш, турар жойи бўйича ҳисобга олиш, суюнчи пулини тайинлаш ҳамда давлат мактабгача таълим муассасасига навбатга қўйиш хизматлари қамраб олинди.
— Халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон Республикасининг ўрни яхшиланишига тўсқинлик қилаётган ҳуқуқий омиллар ҳақида нима дея оласиз? Бундай муаммоларнинг ечими борми? Вазирлик томонидан бу борада қандай чора-тадбирлар амалга оширилмоқда?
— Бу саволга жавоб беришдан олдин, биз иш олиб бораётган сиёсий-ҳуқуқий соҳадаги халқаро рейтинг ва индексларнинг мазмун-моҳиятига ва шаклланишининг ўзига хос жиҳатларига эътибор қаратсак. Аввало, шуни айтишим керакки, бу соҳадаги халқаро рейтинг ва индексларни шакллантиришда давлат органлари томонидан тақдим этилаётган ахборотлардан фойдаланилмайди. Аксинча, уларнинг методологияси асосан мустақил ахборот манбаларига таянади. Мисол учун, ҳуқуқ устуворлиги индексига тўхталадиган бўлсак, ушбу индексни шакллантиришда юқорида саналганлардан асосан, иккита ахборот манбасига, яъни, аҳоли ва экспертлар ўртасидаги сўровлар натижаларига кўпроқ таянилишига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Албатта, бунда индексни тузувчилар олинган натижаларни бошқа халқаро ташкилотларнинг тадқиқотлари билан солиштиради ва ўз таҳлилларини ҳам ўтказади. Бироқ бирор-бир аниқ статистик маълумотга таянилмайди.
Шундай экан, халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлашда мамлакатимизга берилаётган баҳоларнинг сабабларини мустақил таҳлилларимиз асосида аниқлаш талаб этилади. Бунда халқаро рейтингларнинг таркибий индикаторлари бизнинг таҳлилларимизни манзилли олиб бориш имконини беради. Биз томонимиздан рейтингларнинг методологияларини эътиборга олган ҳолда олиб борилаётган тизимли таҳлиллар шунга ишора қиладики, халқаро рейтингларда Ўзбекистоннинг ўрнини юксалтириш учун, энг аввало, ушбу рейтингни тузишда энг муҳим омил бўлган респондент, яъни, аҳолининг фикрини ўзгартиришимиз лозим. Бунинг учун эса фуқаро ўзининг кундалик ҳаётида реал ўзгаришлар бўлаётганига, ҳуқуқи ҳимояланишига кафолатни ҳис қилиши керак бўлади.
Давлат органларининг вазифаси эса фуқарони қийнаётган муаммоларни аниқлаб, унинг конституция ва қонунларда белгиланган ҳуқуқлари тўла рўёбга чиқарилишини таъминлашдан иборат. Албатта, бу умумий сўзлардек кўриниши мумкин, аммо сиёсий-ҳуқуқий соҳадаги халқаро рейтинглар ва индекслар айнан шу нарсага баҳо беради.
Энди, бевосита халқаро рейтинглардаги ўрнимизга таъсир қилиши мумкин бўлган ҳуқуқий муаммоларга тўхталадиган бўлсак, бунда икки жиҳатни ажратиб кўрсатиш мумкин. Биринчидан, ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи миллий қонунчилик умум қабул қилинган халқаро ҳуқуқ нормаларида мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқларни рўёбга чиқаришга нақадар жавоб бериши. Иккинчидан, амалдаги қонунларнинг тўлақонли бажарилиши, унда белгиланган ҳуқуқларнинг тўлиқ амалга оширилиши.
Таъкидлашимиз керакки, ҳар иккаласи ҳам тўхтовсиз жараён. Қонунларга халқаро ҳуқуқ нормаларини имплементация қилиш, юзага келаётган янги ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш ишнинг фақат ярми бўлса, қолган қисми қабул қилинган қонун ҳужжатларининг ижросини таъминлашдир.
Фикримизни далиллаш учун биргина Жаҳон банкининг Бошқарув сифати индикаторлари таркибига эътибор қаратсак. Демак, ушбу рейтинг жами 6 та мустақил индикатордан иборат бўлиб, улардан бири “тартибга солиш сифати”ни баҳолайди. Ушбу индикатор бўйича мамлакатимизнинг ўрни анчагина паст даражада — 2019 йил якунларига кўра, 214 та мамлакат ичида 182-ўринни қайд этганмиз. Бу эса, ушбу йўналишдаги ишларимизни такомиллаштиришга ундайди. Шу боис, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 сентябрдаги “Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Биргина мана шу ҳужжат билан эскирган деб топилган 500 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжат ўз кучини йўқотган деб эътироф этилди.
Бундан ташқари, Адлия вазирлиги тизимида Тартибга солиш таъсирини баҳолаш бошқармаси ташкил этилди. Энди ушбу тузилмамиз давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотларнинг тартибга солиш таъсирини баҳолаш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириб, уларга услубий ёрдам кўрсатиб боради. Яъни, бу соҳада олдин ўз ҳолига ташлаб қўйилган ишлар тартибга тушади.
Аҳамият берилса, сиёсий-ҳуқуқий соҳадаги барча рейтингларнинг коррупция муаммоси билан боғлиқ индикаторлари бор. Коррупция муаммоси эса асосан унга шароит яратадиган омиллар, шу жумладан, қонун-ҳужжатларидаги коррупциоген нормалар туфайли ҳам келиб чиқади.
Шу боис, эндиликда ана шундай нормаларни аниқлаш ҳам янги ташкил қилинган бошқарма томонидан амалга оширилади. Хусусан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиб борилади ҳамда аниқланган коррупциявий омилларни бартараф этишга қаратилган чоралар кўрилиб, тавсиялар ишлаб чиқилади. Қолаверса, коррупциянинг келиб чиқишига шароит яратаётган қонунчиликдаги ҳуқуқий бўшлиқлар, қоидалар ва нормаларни аниқлаш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни амалиётда қўллашдаги коррупциявий хавфларни таҳлил қилиш ишлари тизимли ташкил қилинади.
Истиқболдаги режаларга тўхталсак, ҳудудларда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қонунийликни, ҳуқуқий-тартиботни ва фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлашдаги масъулиятини янада ошириш борасида ўзимизга холисона баҳо бериш тизимини шакллантириб олишимиз лозим. Шундан келиб чиқиб, Адлия вазирлиги томонидан ҳудудлардаги ҳуқуқ устуворлиги ҳолатини баҳолаш тизимини жорий қилиш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилди. Ҳуқуқ устуворлигининг таъминланганлик ҳолатини баҳолаш автоматлаштирилган ахборот тизими орқали амалга оширилиши кўзда тутилмоқда.
— Бугунги глобал пандемия даврида вазирлик аҳолининг, меҳнаткашларнинг ҳуқуқ ва манфаатини муҳофазалаш, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қандай ҳисса қўшмоқда?
— Вазирлик томонидан пандемия даврида аҳолининг, хусусан, меҳнаткашларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофаза қилиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, вазирлик томонидан доимий равишда амалга ошириб келинаётган “Инсон ҳуқуқлари — олий қадрият” лойиҳаси доирасида ходимларнинг ойлик иш ҳақини беришда қонунчиликка риоя этилишини ўрганиш юзасидан акция ўтказилди.
Акция доирасида жами 3 187 та мурожаат келиб тушди. Мурожаатларни кўриб чиқишда 6 838 та қонун бузилиш ҳолатлари аниқланган бўлиб, адлия органлари томонидан тегишли ташкилотларга 263 та тақдимнома (ҳуқуқи бузилган ходимларга жами 8,5 миллиард сўмдан ортиқ пуллик компенсация қопланиши сўралган) ҳамда 244 та огоҳнома, шунингдек, судларга 6 миллиард сўмлик 1 475 та даъво аризаси киритилди. Шу билан бирга, 98 та ҳолатда айбдор шахсларни маъмурий (63 та шахс жавобгарликка тортилди) ва 1 та ҳолатда — жиноий жавобгарликка тортиш юзасидан таклифлар берилди. Қўлланилган таъсир чоралар натижасида 55 нафар шахс интизомий жавобгарликка (49 та ҳайфсан ва 6 та жарима) тортилди.
Фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда халқаро-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги мурожаатлар ва сўровларни ўз вақтида, самарали ва сифатли кўриб чиқишнинг халқаро ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш муҳим аҳамиятга эга. Ушбу йўналишдаги ишларнинг самарадорлигини ошириш мақсадида 2020 йил 17 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “1993 йил 22 январдаги Фуқаролик, оилавий ва жиноят ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам ҳамда ҳуқуқий муносабатлар тўғрисидаги Конвенция ва 2002 йил 7 октябрдаги Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисидаги Конвенция қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ушбу чора-тадбирлар ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш бўйича сўровномаларни манзилли ва тўғри кўриб чиқиш ва юборишни таъминлайди. Бу эса мазкур масалаларни тезкорлик билан ҳал этиш, суд ва бошқа жараёнлар чўзилиб кетишининг олдини олиш, шунингдек, почта харажатларини қисқартиришга ва ресурсларни тежашга хизмат қилади.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, жорий йил 4 март куни Ўзбекистон Халқаро хусусий ҳуқуқ бўйича Гаага конференцияси халқаро ташкилотига (ХХҲГК)га расман аъзо бўлди. Халқаро хусусий ҳуқуқ меъёрларини бирхиллаштириш Ўзбекистон учун ўта долзарб масала экани, шубҳасиз. Чунки трансчегаравий миграция жараёнлари шиддат билан кенгайиши, турли соҳаларда хорижий давлатлар билан боғлиқ фуқаролик-ҳуқуқий низоларнинг кўпайиши туфайли зудлик билан ечилиши лозим бўлган масалалар юзага келмоқда.
Шунга кўра, Гаага конференцияси доирасида ишлаб чиқилган ва қабул қилинган нормалар халқаро хусусий ҳуқуқ бўйича миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига сезиларли ижобий таъсир ўтказиши кутилмоқда. Шу билан бир қаторда, мазкур халқаро ташкилот фаолиятида Ўзбекистоннинг тўлақонли аъзо сифатидаги иштироки келажакда қабул қилинадиган Халқаро ҳужжатларда бизнинг миллий манфаатларимизни акс эттириш имконини яратади.
Бир сўз билан айтганда, ислоҳотларнинг кўлами кенг, шиддати баланд. Ҳар бир чора-тадбир аниқ, манзилли, режали амалга оширилаётгани жамиятимиздаги янгиланишлардан халқимизнинг баҳрамандлигини оширишга замин яратмоқда. Ишончимиз комилки, бу хайрли ишлар изчил давом этади. Амалий натижа билан мустаҳкамланган, ўз меваси, ҳосилини бераётган ислоҳотлар изчиллик билан давом эттирилиб, халқимизнинг розилигига эришишимизда, юртимиз тараққиётини янги босқичга кўтаришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Баҳор ХИДИРОВА суҳбатлашди.
Манба: «Янги Ўзбекистон»