Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Азиз Абдуҳакимов: «Албатта Ўзбекистон тарихи ҳақида фильм бўлиши керак, вақти келди»
2020-12-19 | Маданият
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов “Ўзбекистон маданий мероси - янги Уйғониш даври пойдевори” IV Халқаро конгресси доирасида ўтказилаётган “Ўзбекистон кинематографияси: ўтмиш, бугун, келажак” киноконференцияси очилиши муносабати билан нутқ сўзлади.
Тадбир 17 декабрь - Миллий кинематография кунига бағишлаб ўтказилди. Азиз Абдуҳакимов ўз нутқида кинематография жаҳон кино макони маданиятининг муҳим таркибий қисми эканини ва Ўзбекистон ўз шарафи билан чегараларидан ташқарида ҳам маълум бўлган бой кинобиографияга эга мамлакат эканини таъкидлади. Жумладан, Комил Ёрматов, Малик Қаюмов, Шуҳрат Аббосов каби номлар ҳар қандай ҳақиқий кино мухлисларига танишдир. “Замонавий ўзбек кино санъати ўзининг истеъдодли ижодкорлари ҳамда фильмлари билан фахрланиши мумкин.
Бугунги кунда кинематография соҳасига давлат томонидан катта эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбари айтганларидек, кино - тарбиянинг асоси. Биз кинематограф мактабини очишимиз керак. Ҳозир сифатли расмлар етишмайди, лекин яхши кино асарларини ишлашга иштиёқ бор. Албатта, Ўзбекистон тарихи ҳақида фильм олиниши керак, бунинг вақти ҳам келди”, – деди Бош вазир ўринбосари. Хусусан, Азиз Абдуҳакимов пандемия билан боғлиқ мураккаб даврга қарамай, мамлакатимизнинг буюклари ҳақида ҳикоя қилувчи, тарихимизнинг янги саҳифаларини очадиган тарихий фильмлар тасвирга олинаётгани, Марказий Осиёдаги энг қадимий киностудия – “Ўзбекфильм” студиясининг реставрация жараёни, хусусан, кинематография концепцияси ва қонуни, “Рибейт” халқаро лойиҳаларига субсидияларни қисман қайтариш дастури ишлаб чиқилаётгани, ижодий ёшлар учун таълим дастури такомиллаштирилаётганини қайд этди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев миллий кинематографнинг фидойи ходимлари хотирасини абадийлаштириш учун ҳар бир ҳудуддаги умумтаълим мактабларини Раззоқ Ҳамроев, Шукур Бурҳонов, Наби Раҳимов, Ҳамза Умаров, Лутфихоним Саримсоқова каби машҳур актёр ва актрисалар номи билан аташни таклиф қилдилар. “Ўзбекистон ҳайратланарли даражада хилма-хил бўлиб, тарихий ва меъморий обидалар, ландшафт маконларга бой мамлакатдир, бу эса кино ишлаб чиқариш соҳасида халқаро ҳамкорликка ижобий таъсир кўрсатади. Бу нафақат мамлакатимиз нуфузини ошириш, балки молиявий инвестицияларни жалб қилиш ва минтақавий иқтисодиётни ривожлантиришда ҳам катта рол ўйнаши мумкин”, – деди Абдуҳакимов.
Шунингдек, Бош вазир ўринбосари сўнгги йилларда бутун мамлакат бўйлаб кинофестиваллар, кино бозорлари ва кинофорумлар каби тадбирларга қизиқиш ортиб бораётгани борасида сўз юритди. Киноконференция эса бунинг ёрқин тасдиғи эканлигини таъкидлади. Ўзбекистон киноси нафақат ўз ўтмиши ва бугуни, балки келажагига ҳам эга эканлиги алоҳида қайд этилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги