Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
IV Халқаро конгресс иштирокчилари Президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат йўллашди
2020-12-17 | Маданият
“Ўзбекистоннинг маданий мероси - янги Ренессанс пойдевори” мавзусидаги IV Халқаро конгресс якунига кўра, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти олимлари бир овоздан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга мурожаат қабул қилишди.
Мурожаатни қабул қилиш ташаббуси IV халқаро конгресс ишида онлайн режимда иштирок этган япониялик олимлар томонидан билдирилди. Кунчиқар мамлакатдаги Ўзбекистон элчихонаси биносида йиғилган 20 нафар олим мурожаатнинг лойиҳасини тайёрлади ва кейинчалик бу лойиҳа Жамият бошқаруви ва Илмий кенгаши аъзолари томонидан қўллаб-қувватланди.
Мурожаатномада Бутунжаҳон жамияти аъзолари мамлакатнинг кутубхоналари ва таълим муассасаларига "Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида" туркумидан 10 минг нусхадаги 35 томлик китоб-альбомларни топшириш ташаббусини амалга оширишда кўмак берганлиги учун давлат раҳбарига миннатдорчилик билдиришди. Юзлаб шарқшунос олимларнинг фаол хизматлари туфайли яқинда Ўзбекистоннинг умумтаълим мактаблари ва университетларидаги барча кутубхоналари Чехия, АҚШ, Италия, Германия, Япония, Буюк Британия, Россия, Ўзбекистон, Туркия ва бошқа кўплаб мамлакатларнинг тўпламларидаги Ўзбекистоннинг маданий мероси ҳақидаги китоб-альбомларга эга бўлишади.
Бу хайрли ишни амалга оширишда Ўзбекистон ҳукумати кўмак беради. "Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида" туркумидаги расмли китоб-альбомларни чоп этиш ҳамда уларни мамлакат кутубхоналари ва ўқув муассасаларига топшириш таклифи III Халқаро конгресс доирасида илгари сурилган ва давлат раҳбари томонидан қўллаб-қувватланган эди. Уларнинг дастлабки 15 жилди аллақачон барча ўқув юртларига етказилган ва ҳозирда ушбу лойиҳанинг иккинчи босқичи давом этмоқда.
Мурожаатномада қайд этилишича, "Ўзбекистон маданий мероси - Янги Ренессанс пойдевори" мавзусидаги IV Халқаро конгрессда 2021-2025 йилларга мўлжалланган Йўл харитаси қабул қилинган. Кейинги беш йил ичида Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти 100 дан ортиқ янги лойиҳани амалга оширишни режалаштирмоқда. “Биз мамлакатдаги ва хориждаги музейларда сақланаётган Ўзбекистоннинг маданий мероси ҳақида ҳикоя қилувчи китоблар ва альбомлар нашр этиш, ҳужжатли ва бадиий фильмлар тайёрлаш, илмий форумлар ўтказиш, ўқув дастурлари яратиш, мамлакат маданий меросини тиклаш соҳасидаги мутахассисларнинг ишларини, қонунчиликни такомиллаштириш, туризмни ривожлантиришга қаратилган ташаббусларни тадқиқ қилишни давом эттириш ниятидамиз”, - дейилади Мурожаатномада.
Олимлар, шунингдек, Ўзбекистон Президентининг мамлакатнинг маданий меросини асраб-авайлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолашди ва бундан кейин ҳам миллий маданий меросни ривожлантириш ва сақлашга ўз ҳиссаларини қўшишга тайёр эканликларини таъкидлашди. “Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс даврини амалга оширишга қаратилган Сиз эълон қилган миллий ғоя аввало маданиятни сақлашга қаратилганлиги билан ҳам юксак ҳурматга сазовор, зеро Сиз айнан маданият, мамлакатнинг янги Уйғониш даври, жамият маънавиятининг юксалиши, халқни, айниқса, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг пойдевори эканлигини яхши англайсиз”, - дейилади Мурожаатномада.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги